Линклар

logo-print

Тожикистон “ўзбек минаси”дан ташвишда


Феруза Тожикистонда Ўзбекистон томонидан чегарада кўмилган миналар масаласини мамлакат парламентида кўриб чиқиш, бу муаммога дунё жамоатчилиги эътиборини қаратиш чақириқлари янграмоқда.

Тожикистон парламенти Вакиллар мажлиси қўмитаси раиси М.Исломиддиновнинг “Мина майдони. Унда кимлар ҳалок бўлмоқда?” сарлавҳали мақоласида минага учраб, жуда кўп бегуноҳ тожикистонлик ҳалок бўлаётгани айтилади. Унда муаммо 6 йилдан буён ҳал бўлмаётгани боис, уни мамлакат парламентида кўриб чиқиш ва жаҳон жамоатчилиги эътиборини тортиш таклифи илгари сурилган.

Мақолада чегарадош қишлоқлар аҳолиси фикрлари ҳам келтирилган бўлиб, улар бу муаммога Ўзбекистон эътибор қаратмаётганини айтади.

“Беш йилдан ошдики, бизни, Ўзбекистон билан чегарадош туманларда яшовчиларни жавоб ололмаётганимиз саволлар қийнайди. Нима сабабдан Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари бу масалани ечишда бир тўхтамга келмайди? Нега мина майдонларини зарарсизлантириш учун биргаликда ҳеч бир чора кўрмайди?”, - дейди улар.

Ўзбекистон расмийлари чегараларни миналаштиришдан мақсад мамлакатга жангарилар кириб келиши, наркотиклар ва қурол-яроғ савдоси олдини олиш эканини айтиб келади.

Яқинда эса Ўзбекистон Сурхондарё вилоятининг Тожикистон билан чегарадош ҳудудларида минадан тозалаш ишларини бошлагани хабар қилинганди. Ўзбекистон чегара қўшинлари қўмондони ўринбосари Рашид Хабиев миналаштирилган умумий ҳудуднинг 20 фоизга яқини зарарсизлантириб бўлинганини айтганди.

Аммо юқорида тилга олинган мақола муаллифи Ўзбекистон расмийларининг бу борадаги баёнотлари ҳали аниқ ишлар билан мустаҳкамланмаганини таъкидлайди.

“Балки бу бор-йўғи баёнотдир? Бундай баёнотлар ҳозир Ўзбекистонга керак. Аммо улар аниқ ишлар билан мустаҳкамлансагина нуфузли бўлади”, - деб ёзади М.Исломиддинов.

Мақолада Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари бўйича қабул қилинган халқаро меъёрларни бузаётганликда айбланади ва ўзбек ҳарбийларининг бу “ноинсоний ҳаракатларига шу пайтгача қаршилик кўрсатмаётган” нуфузли халқаро ташкилотларга эътироз билдирилади.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги вакиллари мақолага ҳеч қандай изоҳ билдирмасликни лозим топди. Шунингдек, Тожикистон парламенти раҳбарларидан бирининг мақоласидаги эътирозлар юзасидан расмий Тошкент ҳам бирор муносабат билдирмади.
XS
SM
MD
LG