Линклар

Иордания ҳукумати чоршанба куни Аммон шаҳридаги хашаматли меҳмонхоналарда содир этилган портлашларга алоқадорликда гумон қилинган 120 шахсни қўлга олди.


57 одам нобуд бўлган ва қарийб 100 одам яраланган ҳужум учун масъулиятни Ироқдаги Ал-Қайда гуруҳи ўз зиммасига олди.
Бироқ Иордания Бош вазири ўринбосари Марван Моашар бу иддаога шубҳа билдирди:
“Биз ҳужумни тўрт одам, жумладан бир аёл уюштиргани тўғрисида Интернетда тарқатилган баёнотни кўрдик. Биз ҳозирга қадар қўлга киритган маълумотга кўра, уччала худкуш ҳужумчи эркак бўлган. Биз уларга аёл хамроҳлик қилгани ва улар қайси давлат фуқароси экани тўғрисидаги иддаони ҳозирча тасдиқлай олмаймиз. Чунки текширув жараёни давом этмоқда”, – деди Иордания Бош вазир ўринбосари.
Айни пайтда, бугун Аммон расмийлари автомобиллар ва одамларнинг Иордания чегараси орқали Ироққа ўтишини тўхтатди.
Иорданияда 11 ноябр кунги жума намозида мусулмонлар террор ҳужумида нобуд бўлганлар хаққига дуо қилдилар. Юзлаб намойишчилар террор ҳужумини қоралади.
Пайшанба куни Иордания қироли Абдуллоҳ ҳужум учун жавобгар шахсларни топиб жазолашга ваъда берди.
XS
SM
MD
LG