Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:05

МХХ Жамол Қутлиевни жамоат тартибини бузишда гумон қиляпти


10 ноябрь куни Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинган “Эрк” партиясининг Ғиждувон тумани бўлими раҳбари Жамол Қутлиев жамоат тартибини бузишда гумон қилиняпти.

Бу ҳақда МХХ жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Олимжон Тўрақулов маълум қилди.

“Ж.Қутлиев МХХ Бухоро вилояти бошқармаси томонидан тергов қилинаётган жиноят иши доирасида тўпланган далиллар асосида Жиноят процессуал кодексининг 221-моддасига мувофиқ равишда жамоат хавфсизлиги ва тартибини бузиш билан боғлиқ жиноятни содир этганликда гумондор сифатида ушланган”, - деди О.Тўрақулов.

МХХ вакилининг айтишича, гумондорнинг яшаш ва иш жойида тинтув давомида етарли ашёвий далиллар топилган ва олинган. Ҳозирда эса дастлабки тергов давом этяпти.

О.Тўрақулов тергов сирини сақлаш мақсадида иш тафсилотларини баён қила олмаслигини билдирди.

Ж.Қутлиевнинг хотини Малика Қутлиева эри 10 ноябрь куни ҳибсга олинганига қарамай, унинг МХХда сақланаётгани фақат 11 ноябрь куни кечқурун аниқ бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу орада МХХнинг Ғиждувон тумани бўлими, прокуратура ва милицияга борганида улардан ҳеч қандай маълумот ололмаган.

Маълум бўлишича, илгари Ж.Қутлиев икки марта юрак хуружини (инфарк) бошдан кечирган. Давлат томонидан ёлланган адвокат Ислом Жўраев Ж.Қутлиевнинг ўғли Ғайратга ҳибсхонада отасининг мазаси қочганини айтиб, унга дори олиб келишни тайинлаган. Шунингдек, адвокат Ж.Қутлиев қўшиқчи Дадахон Ҳасаннинг аудиокассеталарини тарқатишда ҳам айбланаётганини қўшимча қилган. Аммо эркчининг яқинлари бу айбларнинг барчаси асоссизлигини таъкидламоқда. Ж.Қутлиевнинг ўғли Ғайрат эса кучли адвокат топиш учун Тошкентга кетган.
XS
SM
MD
LG