Линклар

logo-print

“Бирлик” 17 ёшда

  • Садриддин Ашур

11 ноябрь куни “Бирлик халқ ҳаракати” партияси ташкил этилганига 17 йил тўлди. Бу йиллар бирликчилар учун жуда катта синов даври бўлди.

Партия бош котиби Васила Иноятованинг “Озодлик” радиосига айтишича, бирликчилар учун синовларнинг энг оғир дамлари мустақиллик йилларига тўғри келгани жуда ачинарлидир. Партия расман рўйхатдан ўтиш учун Адлия вазирлигига 4 марта ҳужжат топширган. Аммо ҳар сафар вазирлик партия аризасини қайтарган.

“Мамлакат раҳбари “қани, ўзини мухолифат, сиёсий партия тузаман, дейдиганлар ҳужжатини топширсин, биз кўрайлик”, деганди. Биз Ўзбекистонни қашшоқ ҳолатдан чиқариши мумкин бўлган дастурларимизни тақдим қилдик. Лекин очиқ майдонга курашиб ўрганмаган ҳукумат бизга турли сохта айбномалар уюштирди”, - деди В.Иноятова.

В.Иноятова ҳозир партиянинг бир қанча аъзолари қамоқда сақланаётган ва уларга нисбатан тазйиқлар бир лаҳза тинмаётган пайтда ҳам “Бирлик” фаолияти сустлашгани йўқлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳозир “Бирлик” раиси ўринбосари Ҳамдам Сулаймонов, Андижон вилояти кенгаши раиси Акбарали Орипов, Фарғона вилояти кенгаши раҳбари Адҳам Муҳиддинов, партиянинг жами олти аъзоси ҳибсда сақланмоқда. 1989-1993 йилларда минглаб бирликчилар қамоққа олинган бўлиб, улардан 4 нафари ҳозир ҳам озодликка чиққани йўқ.

Партиянинг Андижон вилояти Жалолқудуқ тумани бўлими раҳбари Шокиржон Мўминжоновнинг билдиришича, айни пайтда бирликчилар учун фаолият олиб боришга ҳеч қандай имконият қолмаган.

“Партия фаолияти деярли тўхтаб қолди, деса ҳам бўлаверади. Чунки энг фаолларнинг кўплари қамоқда. Аҳоли кучли қўрқув остида бўлгани учун бошқа фаоллар ҳам деярли фаолият кўрсатмай турибди”, - деди Ш.Мўминжонов.

Шунга қарамай, В.Иноятова ҳукумат қанчалик тўсиқлар қўймасин, бирликчилар ҳар қандай шароитда ҳам ўз фаолиятини давом эттиришини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG