Линклар

logo-print

Жорж Сорос: "Инқилоб демократияни яратмайди. Инқилоб демократик ўзгаришлар учун йўл очади холос"


10-11 ноябр кунлари жаҳоннинг 30дан ортиқ давлати собиқ раҳбарлари Прага шаҳрида тўпланиб пост – коммунист давлатларида ўтиш даври жараёнларини мухокама этдилар. Сўнгги пайтларда демократия сари ўзгаришлар кузатилаётган собиқ Совет давлатларидаги жараёнлар ҳам мухокмалар марказида бўлди.

Прагадаги анжуманда таниқли давлат арбоблари қаторида АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон, Чехия собиқ президенти ва таниқли диссидент-ёзувчи Вацлав Гавел, америкалик филантроп, Очиқ жамият институти асосчиси Жорж Соросларни учратдик. Айтиш жоиз пост-коммунист ўлкаларда демократик ўзгаришларга айнан Жорж Сорос ва унинг Очиқ жамият институти етакчи рол ўйнаб келмоқда. Бунинг учун миллионлаб долларларни ажратмоқда.

"Озодлик" мухбири билан суҳбатда жаноб Сорос Украинадаги ўзгаришлар ҳақида гапирар экан, Киевдаги "норинж инқилоби" бутун минтақа бўйлаб демократияга умид нурларини сочганини, аммо шунга қарамай Украинада ўтиш жараёни ҳали анча вақтга чўзилиши мумкинлигини қайд этди.

"Инқилоб демократияни яратмайди. Инқилоб демократик ўзгаришлар учун йўл очади холос. Украинанинг суд тизими ҳали ҳам заиф ва қонун устиворлиги бу давлатда ҳали ҳам таъминланмаган. Аммо бу бир кунда амалга ошмайди", - деди америкалик филантроп.

Жорж Сорос Грузиядаги ўзгаришлар борасида ҳам шунга ўхшаш фикр билдирди. Аммо, Соросга кўра, Грузиядаги ҳозирги вазият, 2003 йилги "Атир гул" инқилобидан олдинги вазиятга қараганда анча яхши. Жорж Сорос, шунингдек, Грузиянинг Вашингтон билан илиқ муносабатларига юқори баҳо берди. Унинг айтишича, бундай муносабат Тбилисини Россия таъсиридан узоқлаштиради ва демократия тараққиётига йўл очади.

"Россия Америка билан яхши муносабатларни йўлга қўйиши лозим. Айни пайтда бу Россиянинг Грузияга босимларини чеклайди. Менимча муносабатлардаги ана шундай мувозанат боис Грузия гуллаб-яшнаши мумкин", - деди Жорж Сорос.

Америкалик молиячи Белорусдаги вазиятга ҳам баҳо берди. Аммо, Белорус каби тоталитар давлатда мухолифатнинг сайловларни ютишига Сорос умидсиз эканини айтди. Аммо, бу Россияда яқин келажакда рўй бериши эхтимолдан холи эмас, деди америкалик миллиардер Жорж Сорос.
XS
SM
MD
LG