Линклар

Ўзбекистон Олий судида Андижон воқеаларига фаол иштирок этишда айбланган 15 фуқаро устидан суд жараёни ниҳоясига етди. Судланувчиларга 14 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси тайинланди.



Суд ҳукми билан Мўйдин Собиров, Фарҳод Ҳамидов, Алишер Ҳакимов, Абдулҳафиз Ғозиев, Илҳом Ҳожиев 20 йилданга, Ғуломжон Нодиров 18 йилга, Таваккал Ҳожиев, Абдулбоис Ибрагимов ва Муҳаммадшокир Ортиқов 17 йилданга, Аваз Турғунов ва Ҳусанжон Туропов 16 йилданга, Азизбек Юсупов, Лочинбек Имонқулов, Валижон Эргашев, Жаҳонгир Бурхонов 14 йилданга озодликдан маҳрум этилди.



Шундай қилиб, суд 20 йилга ҳукм қилинган судланувчилардан ташқари барча айбланувчилар учун прокурор сўраган муддатни 1-2 йилга қисқартирди.



Эътиборлиси шундаки, баъзи адвокатлар суд ҳукми кутилганидан кўра юмшоқроқ бўлганини, шунинг учун ундан “қаноатлангани”ни билдирди. Адвокатлардан бири эса “фактлардан келиб чиқиб қаралганда ҳукм адолатли” бўлганини таъкидлади.



Раислик қилувчи Бахтиёр Жамолов суд давомида деярли бир-бирини такрорлайдиган кўрсатмалардан ўзгача кўрсатма берган гувоҳ Маҳбуба Зокирова хусусида ҳам тўхталди.



“...Юқорида қайд этилган ҳолатлар гувоҳ Зокированинг акрамийлар диний экстремистик оқимига хайрихоҳ бўлиб, ҳукуматга қарши кайфиятда қасддан ёлғон кўрсатма берганини тасдиқлайди”, - деди суд раиси.



Судланувчиларнинг барчасига Жиноят кодексининг ўнлаб моддалари бўйича айбномалар эълон қилинган эди. Судья суд жараёнида бу айбномаларнинг аксарияти ўз исботини топганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG