Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:21

Суддан кейинги мулоҳазалар


“Озодлик” мухбири Андижон воқеалари иштирокчиларидан бир гуруҳи устидан суд ҳукми юзасидан кузатувчилар, таҳлилчилар, инсон ҳуқуқи ҳимоячилари фикрларини ўрганди.

Таҳлилчи Шароф Убайдуллаевнинг айтишича, Андижон воқеаларининг икки жиҳатига баҳо бериш керак. Биринчиси, 12 май кунги воқеалардаги хунрезликлар, яъни судланувчиларнинг патруль пост хизматига, ҳарбий қисмга, қамоқхонага ҳужум қилгани ва бегуноҳ одамларнинг ҳалок бўлганини ҳеч ким ва ҳеч қачон оқлай олмайди. Улар гуноҳига яраша жазо олиши зарур. Лекин 13 май кунги воқеалар суд жараёнида батафсил ёритилмади. Судда бу воқеалар тепасида турган амалдорларнинг гувоҳлиги тингланмади.

Ш.Убайдуллаев суд жараёнидаги ажабланарли ҳолатлар ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, судланувчиларнинг барча воқеалар ҳақида бир хил сўзлаши, “тўтиқушдек бир хил гапни такрорлаши” сирлидир.

“Гўёки судланувчилар ўз биродарларини ҳам, қариндошларини ҳам отган, иккинчи томондан эса ўқ узилмаган. Бу жараённи тасдиқлаш, ҳукуматни адолатпеша қилиб кўрсатиш учун шундай кўрсатмалар берилди”, - деди Ш.Убайдуллаев.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Ўзбекистондаги вакиласи Алиссон Гилл суд жараёни кўргазмали эканга ўхшашини билдирди.

“Менда бу суд жараёнининг қандай бориши аввалдан тайёрланган, деган тасаввур пайдо бўлди. Чунки судланувчилар ўз айбларига дарҳол иқрор бўлди. Уларнинг сўзлари айбловдан олинган иқтибосларга ўхшаб кетарди. Бу тасодиф бўлиши мумкин эмас, уларнинг бундай гапларга ўргатилгани ўз-ўзидан кўриниб турарди”, - деди А.Гилл.

А.Гилл адвокатлар ўз мижозларини умуман ҳимоя қилмагани, суд жараёни сўнггида “бундай гуноҳкорларни ҳимоя қилаётгани учун ҳатто кечирим ҳам сўрагани”ни билдирди.

Ш.Убайдуллаев суд жараёнида айбланувчилар ва ҳукумат ўртасида қандайдир келишув бўлгани яққол кўрингани ҳақида мулоҳазалар мавжудлигини эътироф этди. Унинг фикрича, бу келишувда воситачилик қилиш адвокатлар зиммасига тушган бўлиши мумкин.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг таъкидлашича, бир ярим ой давом этган суд жараёнида адолат мезонларига риоя қилинди, деб бўлмайди. Чунки суд олдиндан тайёрланган сценарий бўйича бўлган. Судланувчилар прокурор томонидан қўйилган барча айбларга сўзсиз иқрор бўлгани шундан дарак беради.

“Ўйлайманки, вақти келганда бу иш яна қайтадан кўриб чиқилади”, - деди сиёсатшунос.
XS
SM
MD
LG