Линклар

Андижонда юз берган қонли воқеалар муносабати билан Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан чекловлар жорий қилди.


Андижон воқеалари пайтида тинч аҳоли орасида қон тўкилишига масъул бўлган амалдорлар учун душанба кунидан бошлаб¸ Европа Иттифоқи таркибига кирувчи давлатларига кириш ман этилди. Мазкур баëнот Ўзбекистон олий судининг 15 кишини жорий йилнинг май ойида Андижон шаҳридаги исённи уюштиришда айбдор¸ деб ҳисоблаб¸ 14 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этганидан сўнг¸ эълон қилинди. Оқ Уй Олий Суд қарорини танқид қилиб¸ маҳкама адолатсиз ўтганини маълум қилди. Озодлик мухбирлари Брефни Орурк ва Гулноза Саидазимова тайëрлаган лавҳа мазмуни билан Самандар таништиради.

Суд жараëни ва унинг қарори Ўзбекистон ва Ғарб ўртасида шундоқ ҳам пайдо бўлган салбий муносабатларни янада совуқлаштирди.

Душанба куни Ўзбекистон Олий Судида Андижон воқеалари юзасидан 15 нафар айбланувчига узоқ муддатли қамоқ жазолари ҳукми ўқилди.

Расмийларга кўра¸ Андижондаги оммавий тартибсизликлар оқибатида 187 киши ҳалок бўлган. Расмийлар ғалаённи уюштиришда ислом экстремистларини айбламоқда.

Вашингтон ва Европа Иттифоқи суднинг ўзбекча сценарийсини инкор этиб¸ Ўзбекистон хавфсизлик хизмати юзлаб қуролланмаган шахсларни отиб ўлдирган¸ деб ҳисоблайди. Дунë жамоатчилиги Андижондаги ҳунрезликлар юзасидан мустақил текширув ўтказилиши кераклигини талаб қилиб келаëтган бир пайтда¸ Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов уни инкор этган эди.

Олий Суднинг кечаги ҳукми билан бир пайтда Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан жазо чораларини жорий этди.

Ҳукуматнинг ўн икки нафар юқори лавозимли мулозимига Европа Иттифоқи давлатларига сафар визалари бермасликка қарор қилинди.

Шунингдек¸ Тошкентга қурол–яроқ савдосига эмбарго ўрнатилди, иқтисодий ҳамкорлик ва ёрдам чекланди.

Европа Иттифоқининг ташқи алоқалар бўйича вакили Кристина Галлач Озодликка берган интервюсида мазкур чекловлар Европа Иттифоқининг вазиятни жиддий баҳолаëтганини англатишини айтди.

Шунингдек¸ суд ҳукми Вашингтон томонидан танқид қилинди. АҚШ Давлат Департаменти вакили Адам Эрели гапиради:

“Фикримизча¸ мазкур айбловлар ишонарсиз далилларга асосланган ва маҳкама адолатсиз ўтган. Биз бу ҳақдаги хавотирларимизни бошиданоқ билдириб келаëтган эдик. Андижондаги воқеалар юзасидан мустақил текширувлар ўтказилмаганини яна бир бор айтишим мумкин”¸ - деди Адам Эрели.

АҚШ ҳам Ўзбекистонга санкция эълон қилиш масалалрини кўриб чиқмоқда.

Женевадаги БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Луи Арбур суд ҳукмини танқид қилиб¸ судланувчиларга судга мурожаат қилиши учун имконият берилиши кераклигини айтди.

Мазкур ҳукм Ўзбекистонда ҳам ўзга яраша ишончсизлик билан қарши олингани айтилади. Пойтахт яшовчиларидан бири гапиради:

“Фикримча¸ суд ҳақиқий судга ўхшамади. Телевизордан кузатдим. Фақат бир-хил гаплар. Айбланувчилар ҳам¸ фақат тўтига ўхшаб бир хил гапни қайтараверади. Ҳаммаси келишиб олган бўлса керак¸ деб ўйлайман”.

Ғарбдаги ҳар бир одам ҳам Ғарбнинг Ўзбекистонга нисбатан қўллаган чорасини тўғри¸ деб ҳисобламайди.

АҚШдаги Жон Хопкинс Университетининг Марказий Осиë ва Кавказ Институти директори Сванте Корнел гапиради:

“Одамларни изоляция қилиш ва уларни Европага сафар қилишдан тўхтатиш ҳамда Ғарб билан муносабатларига чек қўйиш¸ энг нотўғри қарордир”¸ - дейди Сванте Корнел.

Корнел шунингдек¸ аксинча Ғарб бундай ҳаракати билан Ўзбекистонни Россия томон бурилишига ëрдам берганини ва бунинг натижасида куни кеча Москва ҳамда Тошкент ўртасида иттифоқчи шартномаси имзоланганини таъкидлайди.
XS
SM
MD
LG