Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:22

“Ғарбда яккамохов”, Москвада эса иттифоқчи


“Ғарбда аллақачон яккамоховга чиқарилган режим бугун Москванинг асосий иттифоқчисига айланмоқда”, деб ёзади Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Россияга сафарини шарҳлаган “Коммерсант” газетаси.

И.Каримовнинг Москвага серқатнов бўлиб қолгани ҳақида ёзган газета Ўзбекистон раҳбари Москва билан ҳозирча постсовет давлатларидан бирортаси билан кузатилган ҳарбий-стратегик ва мудофаа иттифоқи тузиш ҳақидаги келишувга имзо чекканини таъкидлайди.

Россия-Каримов иттифоқининг турли жиҳатлари юзасидан “Озодлик” мухбири таҳлилчиларнинг фикрларини ўрганди.

Тошкентдаги “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази етакчи жамиятшуноси Марат Ҳожимуҳаммедов И.Каримовнинг Москвага сафарига икки давлат ўртасида яқинлашиб бораëтган муносабатлар тадрижи сифатида қараш кераклигини билдирди. У бу иттифоқдан Ўзбекистон мустақиллигига зиённи кўрмаётганини айтди.

Бу фикрга қўшилган Тошкентдаги “Сиëсат” ахборот-таҳлил маркази эксперти Шарофиддин Тўлаганов “иттифоқчилик оқибатида иқтисодий яқинлашув юз бериши ва бундан ҳамма манфаат кўриши”ни қўшимча қилди.

“Бу шартнома яна Москвага боғланиб қолишни англатмайди. Лекин Россияда Ўзбекистоннинг манфаати борлиги ва аксинча экани билан ҳисоблашиш керак. Мен Ўзбекистон президентига ишонаман. У ҳеч қачон Ўзбекистонни бошқа давлатларга қарам қилиб қўймайди”, - деди Ш.Тўлаганов.

Аммо собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев И.Каримовнинг Андижон воқеаларидан сўнг тўртинчи бор Владимир Путин ҳузурига келишидан мақсад икки давлат ўртасидаги муносабатлар тақдиридан узоқ эканини таъкидлади.

“Москва билан иттифоқ шартномаси тузиш учун Беларус 6 йилдан буён музокаралар ўтказаётган бўлса, Ўзбекистонга бор-йўғи бир неча ой кифоя қилди. Бунинг асосий сабаби Ислом Каримов ўз режими кучсизланиб қолганини сезаётганидир. Унга ташқи ҳимоячи керак”, - деди Т.Йўлдошев.

“Коммерсант” газетаси иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномада Каримов режимига хавф туғилган тақдирда Москванинг унга аралашувини кўзда тутувчи махсус банд борлигини ёзади. Газетада баъзи таҳлилчилар бу банд гарчи шартномага қўл қўйган томонлар учун тушунарли тилда ёзилган бўлса-да, унда аслида Каримов режимига қарши “рангли инқилоб” ёки Андижон воқеаларига ўхшаш исёнлар назарда тутилганини таъкидлаётгани айтилади.

Бу мулоҳазаларга Т.Йўлдошев ҳам қўшилди. Унинг фикрича, бу банд расмий Тошкент ташаббуси билан қўшилган бўлиши мумкин. Аммо собиқ Югославия ва Ироқ тақдири инобатга олинадиган бўлса, бу банд И.Каримов хоҳлаган натижани бермаслиги эҳтимолдан холи эмас.

Аммо Ш.Тўлаганов бундай қарашларни рад этиб, мазкур бандда “гап кўпроқ ташқи хавф ҳақида кетаётгани”ни таъкидлашга уринди. Унинг айтишича, Андижондаги каби воқеаларни бостиришга Ўзбекистоннинг ўз кучи етади.

“Московские новости” ҳафталиги мухбири, И.Каримовнинг Россия сафарларини кўпдан кузатиб келаëтган Санобар Шерматова юқорида тилга олинган банд Ўзбекистонда Андижонга ўхшаш воқеалар юзага келса, Россия дарҳол ҳарбий жиҳатдан аралашади ва Каримов режимини ҳимоя қилади, деган гап эмаслигини билдирди. Унинг таъкидлашича, бундай шароитда Россиянинг ўзини қандай тутиши Ўзбекистондаги ички вазиятга, қолаверса, ҳозир қаттиқ асабийлашаётган ўзбек элитаси хатти-ҳаракатларига боғлиқ бўлади. Россия ҳозирча постсовет ҳудудларида юзага чиққан исëн ва инқилобларга бевосита аралашмагани Кремлнинг келажакда ҳам бундай ишни етти ўлчаб бир қилишидан даракдир.

Нима бўлишидан қатъи назар, Москва Каримов режимини Андижондаги каби воқеаларда ҳимоя қилишми ëки унинг халқаро майдондаги адвокатига айланишними ўз зиммасига олар экан, “сиздан угина биздан бугина” қабилида сиёсат юритиши ва Каримов бундай марҳамат учун тўлов тўлаши табиий.

Аксарият кузатувчилар Москванинг бундай ҳимматига қурбон қилинадиган биринчи нарса мамлакат сиëсий мустақиллиги ва унинг бойликлари бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Жумладан, мустақил кузатувчи Баҳодир Мусаев Россия Марказий Осиëдаги ўз геосиёсий позицияларини қайтариб олиш баробарида минтақадаги барча энергетика захиралари ва уларнинг экспорт йўналишларини тўлиқ назоратга олиш истагида эканини билдирди.

“Албатта савдо, нефть ва газ, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистонга ҳам, Россияга ҳам фойдали. Аммо бу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар, хусусан, Ғарб билан муносабатларини тўхтатиб қўйиш эвазига бўлмаслиги керак”, - деди у.

Т.Йўлдошев эса бундай ҳамкорликнинг дастлабки натижасини Ўзбекистоннинг ҳарбий жиҳатдан Россия назоратига қайтиши мисолида яқин орада кўриш мумкин бўлишини қайд этди.
XS
SM
MD
LG