Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:32

Европа эшиклари Ўзбекистон амалдорлари учун ёпилди


Шайбон Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматида ишловчи амалдорларга виза беришга чеклов жорий этди. ЕИ ҳудудига киритилмайдиган кишилар рўйхатида юксак мартабали амалдорлар бор.

Улардан бири Ўзбекистон ички ишлар вазири Зокир Алматовдир. Маълум бўлишича, у оғир касалликка чалинган ва айни пайтда мамлакат ташқарисида даволанмоқда. Шу боис, З.Алматовнинг ЕИ қароридан қанчалик хабардорлиги ҳозирча номаълум.

Аммо Ички ишлар вазирлиги аппарати раҳбари Анатолий Жўраев ЕИ чекловидан бехабар бўлиб чиқди.

“Агар кимдир, қаердадир қандайдир қарор қабул қилган бўлса, у маълум қилиниши керак. Қандайдир Интернет сайти орқали ёки учинчи бир шахс орқали етказилмайди, шундай эмасми? Қолаверса, бу қарор ўша давлатга етказилиши керак, шундан сўнг унга бирор муносабат билдирилади”, - деди А.Жўраев.

Европага кириши тақиқланган амалдорлар рўйхатига мудофаа вазири Қодир Ғуломов ҳам бор. Вазирлик матбуот котиби Раҳимжон Нурназаров ЕИ қароридан таажжубини яширмади. Унинг фикрича, афтидан бу маълумот Ўзбекистонга қарши ахборот хуружининг бир кўринишидир. Ўзбекистон томони Андижон воқеалари аслида қандай бўлганини исботлаб берган. Бироқ бу овозни эшитишга ҳеч ким ҳаракат қилмаяпти.

Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовнинг Европага кириши тақиқланганлар рўйхатига киритилганига мазкур идора вакилларидан муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Эслатиб ўтамиз, ЕИ жорий этган навбатдаги санкция расмий Тошкентнинг Андижон воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказишга кўнмаётгани билан боғлиқ. Бу жазо чораси ҳозирча бир йил амал қилади. Ташкилотнинг бундан аввалги санкциялари Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдамларидан ташқари барча кўмакни, шунингдек, қурол-яроғ сотишни тўхтатишга қаратилган эди.
XS
SM
MD
LG