Линклар

Ўзбекистон элчихонаси пикет қилинди


Басира 15 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакиллари томонидан пикет қилинди. Пикет иштирокчилари Андижондаги воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказилишини талаб қилди.





Пикет бошланишидан олдин унинг қатнашчилари Андижон воқеаларида шаҳид кетганлар хотирасига сукут сақлади. Шундан сўнг улар қўлларидаги “Халқ жаллодлари судга берилсин”, “Халқ қони - диктатор ҳокимияти натижаси”, “Ислом Каримов, Гаагага хуш келибсиз”, “Ивановодаги ўзбеклар Каримовдан фарқли ўлароқ, Андижон фожеаларида айбдор эмас” каби сўзлар ёзилган плакатларни кўтарди.





Пикет иштирокчиси Елена Рябинина Андижон воқеаларидан 6 ой ўтиб, 14 ноябрь куни Москвада Россия ва Ўзбекистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланишини “Россия учун иснод” ўлароқ баҳолади.

“Барча соҳаларда ўзаро ҳамкорлик ҳақида шартнома имзоланди, энг ачинарлиси, ўз халқининг чиқишларини куч билан бостириш тўғрисида ҳам келишиб олинди. Россия Андижон воқеалари каби халқ норозиликларини бостиришда кўмак бериш мажбуриятини олди. Бутун дунё Андижондаги воқеалар юзасидан Ислом Каримовга эътирозини билдираётган бир пайтда Россиянинг қўллаб-қувватлашига биз қаршимиз”, - деди Е.Рябинина.

Ўзбекистон элчихонаси вакиллари пикетни узоқдан кузатиб турган бўлса-да, намойишчилар олдига ҳеч ким чиқмади.
XS
SM
MD
LG