Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:45

Ташқи сиёсатда мувозанат бўлиши керак


Саида Расмий Тошкентнинг Россия билан иттифоқчилик муносабатлари тузиш тўғрисидаги шартномага имзо чеккани Ўзбекистондаги зиёли қатлам вакиллари томонидан турлича баҳоланмоқда.

“Сиёсат” ахборот-таҳлил маркази эксперти Шуҳрат Ориповнинг фикрича, Россия ва Ўзбекистон муносабатларининг бугунги кунда ривожланиб кетганига тасодифий ҳол сифатида қарамаслик керак. Шунингдек, бу шартнома тоталитар тузумга қайтиш дегани эмас.

“Мустақил тараққиёт йўлида Ўзбекистон ва Россия муносабатлари бугун юқори даражага чиққанини мен ёшларнинг фаол вакили сифатида ижобий баҳолайман”, - деди Ш.Орипов.

Аммо маълум сабабларга кўра исмини ошкор этишни истамаган ёшларнинг яна бир фаол вакили Ўзбекистон ва Россия ўртасида имзоланган шартнома, энг аввало, “Ўзбекистонда мавжуд режимни сақлаб қолиш, қолаверса, Ғарб мамлакатлари тазйиқларидан ҳимояланиш”га қаратилганини таъкидлади. Унинг айтишича, 1992 йилдан 2002 йилгача Ўзбекистон сиёсати кўпроқ Ғарб билан яқинлашишга йўналган эди. Лекин Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонга турли босимлар бўлгани туфайли расмий Тошкент Россия ва Хитой паноҳига киришга ҳаракат қилмоқда.

Суҳбатдош Ўзбекистон ташқи сиёсатда мувозанатни сақлаши, Россия билан ҳам, Ғарб билан ҳам яхши муносабатда бўлиши кераклигини қўшимча қилди.

Ёш мутахассис Иқболжон Парпиев иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги бандларига эътибор қаратди.

“Шартномада томонларнинг бир-бири ҳудудида ҳарбий аралашуви тўғрисида гап бор. Айнан шу ҳолатнинг ўзи суверенитетни чеклашга олиб келади. Чунки бир давлатнинг ички ишига иккинчи мамлакатнинг ҳарбий аралашувини ҳеч қачон суверенитетга таъсир қилмайдиган ҳолат сифатида баҳолаб бўлмайди. Қолаверса, шартноманинг бу бандлари бир томонлама амал қилиши кўриниб турибди. Зеро, Россия ўзини ҳимоя қилиш учун Ўзбекистоннинг кўмагига муҳтож эмас”, - деди И.Парпиев.

Таниқли шоир ва таржимон Жамол Камол ҳам Ғарб мамлакатлари билан мувозанатни сақлаган ҳолда Россия билан иттифоқчиликни ривожлантириш кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳамма билан яхши бўлишга, иттифоқчилик қилишга интилиши керак.
XS
SM
MD
LG