Линклар

logo-print

Мақсад яхши, лекин “лекини” бор


Феруза Ўзбекистон президенти Ислом Каримов давлат телерадиокомпаниясини ислоҳ қилишга қаратилган фармонга имзо чекди. Унда бир неча телерадиоканаллар ташкил этиш кўзда тутилган.

Хусусан, “Ўзбекистон” телеканали ва шу номдаги радиоканал негизида ягона “Ўзбекистон телерадиоканали” давлат унитар корхонаси тузилади.

“Спорт” телеканали ва “Машъал” радиоси “Спорт телерадиоканали”, “Тошкент” телеканали ва “Дўстлик” радиоканали “Тошкент телерадиоканали” давлат унитар корхоналарига айлантирилади.

Фармонга кўра, “Ёшлар” телеканали ва “Ёшлар” радиоканали негизида “Ёшлар телерадиоканали” ёпиқ ҳиссадорлик жамияти юзага келади. Жамият акцияларининг 51 фоизи давлат тасарруфида қолади. 49 фоизи эса белгиланган тартибда юридик шахслар учун савдога қўйилади.

“Озодлик” мухбирининг мазкур фармоннинг қандай аҳамиятга эга экани, у нима бериши тўғрисидаги саволларига Ўзбекистон телерадиокомпанияси ходимларидан айримлари аниқ жавоб беришга қийналди. Улар келажакда бу фармон асосида қандай ўзгариш бўлишини ҳозирча ўзлари ҳам тушунмаётганини таъкидлади. Баъзилар эса ҳатто ишсиз қолишдан ваҳимага тушаётганини ҳам билдирди.

Мустақил журналист Алимардон Аннаев фикрича, фармон хайрли мақсадга йўналтирилган. Аммо бу мақсаднинг амалга ошиши, албатта, мавжуд сиёсий тузум раҳбарларига боғлиқ.

Ўзбекистон давлат телерадиоканалларида кўп йиллар ишлаган журналист Обид Шабановнинг айтишича, фармон соҳани ислоҳ қилишга, рақобатбардош, ўзини ўзи таъминлайдиган телерадиоканаллар фаолиятини йўлга қўйишга қаратилган.

А.Аннаев ҳам, О.Шабанов ҳам Ўзбекистондаги телерадиоканалларни ислоҳ қилишга қаратилган ҳар қандай фармону қарор ҳозирги вазиятда бу тизим фаолиятида ўзгариш ясай олмаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG