Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:04

Бошқа динларга нисбатан бағрикенглик бор, исломга келганда…


16 ноябрь куни бутун дунёда нишонланадиган Бағрикенглик халқаро куни Ўзбекистонда диний бағрикенглик ҳолатига яна бир бор назар ташлашга ундади.

Шу мақсадда “Озодлик” мухбири оддий фуқаролар, инсон ҳуқуқи ҳимоячилари, расмийларнинг фикрини ўрганди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Исмоиловнинг айтишича, мамлакатда динга нисбатан бағрикенглик вазияти яхши. Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган барча диний конфессия ўз ибодатхонасига эга.

Тошкентда яшовчи грек йигити Стефан насроний динининг католик мазҳабига эътиқод қилади. Унинг билдиришича, ҳар ҳафта ота-онаси билан черковга бориб, ибодат қилади.

“Греклар Ўзбекистонда бармоқ билан санарли. Лекин яқинда бизнинг кичкина жамиятимизни тортиб олишга ҳаракат бўлгани менга сал алам қилди”, - деди Стефан.

Бошқа бир суҳбатдош Ўзбекистонда насронийлар черковлари етарли эмаслигини билдирди. Айниқса, байрам кунлари черковлар барча ибодатчиларни сиғдира олмайди.

Суҳбатдош бўлган бошқа дин вакиллари ҳам ўзбекистонликлар уларга бағрикенг муносабатда бўлаётганини таъкидлади. Кузатувчилар ҳам бу ҳолатни тасдиқлади, аммо мамлакатда фақат ислом динига нисбатан бағрикенглик етишмаётганини айтди.

Тошкентлик фуқаро Акмал Хўжахоновнинг таъкидлашича, конституцияда эътиқод эркинлиги кафолатланган бўлса-да, ҳаётда бунинг аксини кўриш мумкин. Масалан, ҳайит намозларида масжидлар олдига жуда кўп милиция ходими қўйилади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг сўзларига кўра, собиқ иттифоқ даврида бағрикенгликни кўрмаган одамлар мустақилликка катта умид билан қараган эди. Истиқлолнинг дастлабки йилларида динга нисбатан маълум даражада бағрикенглик бўлган. Қисқа вақт ичида 5 мингдан ортиқ эски масжид таъмирланиб, одамлар билан тўла бошлаган.

“Лекин кейин Ўзбекистон ҳукумати диний экстремизмни ниқоб қилиб, мусулмонларга қарши кураша бошлади. Масжидлардаги овоз кучайтиргичларни олиб ташлаш бу йўлдаги биринчи қадамлардан бўлди. Ҳижобда юришга ҳукумат тиш-тирноғи билан қаршилик қиляпти”, - деди Т.Ёқубов.

Жамиятшунос Олимжон Давлатпур Ўзбекистонда динга нисбатан бағрикенглик тўла таъминланганини таъкидлади. Унинг билдиришича, ҳукумат диний бағрикенгликни ўз сиёсатининг устивор вазифаси этиб белгилаган. Айни пайтда Ўзбекистонда 15 дан ортиқ диний конфессия расман рўйхатга олинган.

“Баъзилар мамлакатда диндорлар тазйиққа олиниши ҳақида гапиради. Аввало, уларнинг ўзидан намоз ўқиш-ўқимаслигини сўраш керак”, - деди О.Давлатпур.
XS
SM
MD
LG