Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:59

Ўзбекистонда миллий бағрикенглик ҳолати ҳақида


Шайбон Ўзбекистонда ўзга миллатларга нисбатан бағрикенглик азалдан мавжуд. Бундай бағрикенгликнинг асл намунаси, айниқса, Иккинчи жаҳон уруши йилларида ёрқин намоён бўлган эди.

Ўшанда урушдан азият чеккан ўнлаб миллатларнинг юз минглаб вакиллари ўзбекларнинг илиқ муносабатига гувоҳ бўлганди.

Ўзбекистондаги байналмилал маданият маркази раҳбари Насриддин Муҳаммадиев бағрикенглик анъналари мамлакатда ҳали ҳам кучли эканини таъкидлади. Унинг айтишича, Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. 140 та миллий маданий марказ фаолият кўрсатмоқда. Мустақилликнинг илк йилларидан бошланган турли миллатлар вакилларига ўз тилида ўқиш, уларга шароит яратиб бериш сиёсати қатъият билан амалга оширилмоқда.

Ҳақиқатан ҳам Тошкент кўчаларида турли миллат вакилларини учратиш мумкин.

“Шахсан мен ва яқинларим миллатимизга нисбатан маҳаллий халқ томонидан ўзгача муносабатни сезмаганман. Қолаверса, ўзимни маълум маънода маҳаллий халқ вакили ҳисоблайман”, - дейди грек миллатига мансуб йигит.

Аммо у мамлакатда грек миллатига мансуб кишилар учун амал пиллапояларидан кўтарилиш имконияти йўқлигини билдирди.

Ўзбекистонда руслар кўпчиликни ташкил этади. Бу миллат вакилларидан бири русларда Ўзбекистонга эътироз йўқлигини таъкидлади. У сўнгги вақтларда Ўзбекистонни тарк этаётган айрим руслар Россияга кўчиб ўтгач, Ўзбекистонда улар хўрлангани ҳақида бўлар-бўлмас гапларни айтаётганга жавоб тариқасида: “Мен маҳаллий халқ томонидан ўзимга нисбатан қандайдир зўравонлик, камситишни сезмайман. Русларнинг бу ердан оммавий кетишига келсак, бу мутлақо камситиш ёки зўравонликлар билан эмас, яхши иш топиш имкони йўқлиги билан боғлиқ. Қолаверса, айни муаммо туфайли фақат руслар эмас, ўзбекларнинг ўзи ҳам турли мамлакатларга чиқиб кетяпти”, - деди.

Шу билан бирга, унинг айтишича, рус мактаблари, олий ўқув юртларида рус гуруҳлари қисқариб бораётгани русларда маълум ташвиш уйғотган. Аммо Россия билан иттифоқчилик муносабатларига ўтилгани ҳаммаси изга тушиб кетишига умид туғдирган.

Таълим муассасалари билан боғлиқ муаммоларни Ўзбекистонда яшовчи тожиклар ҳам тилга олди.

“Масалан, бугун Самарқандда тожик синфларининг ёпилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг асосий сабаби ҳуқуқшунослик, тарих ва бошқа факультетларда тожик гуруҳларининг йўқлигида”, - деди суҳбатдош тожиклардан бири.

Байналмилал маданият маркази раҳбари Н.Муҳаммадиев бу эътирозлар бироз ўринсиз эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳозир Ўзбекистонда 762 мактабда рус, 581 мактабда қозоқ, 376 мактабда қорақалпоқ, 318 мактабда тожик, 64 мактабда туркман, 58 мактабда қирғиз тилида таълим берилади. Кўп сонли диаспоралар ҳозир ўзи китоб чиқариш, газета чоп этиш имкониятига эга. Кам сонли диаспоралар эса имкониятидан келиб газета чиқаришни истаса, бунга тўсиқ йўқ.
XS
SM
MD
LG