Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:51

“Камин тафтидан елка қизиш” оқибати


“Санкт-Петербургда ловуллаб турган камин атрофида озгина елкамиз қизиса, иттифоқ муносабатларига қайтиб кетаверсак, бу қўл-оёғимизни жуда қаттиқ боғлаб қўймайдими!?. Яна Москвага совға-салом кўтариб чопадиган пахта қулига айланиб қолмаймизми!?”

Мустақил кузатувчи Шароф Убайдуллаевнинг бу хитоби 7 октябрь куни, Россия президенти Владимир Путиннинг туғилган кунини нишонлаш учун Санкт-Петербургга келган Ислом Каримов ҳамкасбига кутилмаган совға – ўзаро иттифоқ тузишни таклиф этганидан сўнг янграган эди.

Аммо Ш.Убайдуллаев ва бошқа ўзбекистонликларнинг юқоридаги каби эътирозлари беписанд қолди. На И.Каримов назоратидаги матбуот ва на бу каби шартномаларни муҳокама қилиши шарт бўлган Ўзбекистон парламенти И.Каримовнинг ниятига эътироз билдирмади. Ниҳоят 7 октябрь кунги таклиф 14 ноябрда расмий ҳужжатга айланди.

Бу ҳақдаги шартномага имзо чекиш учун Москвага йўл олар асносида И.Каримов иттифоқ нимага кераклиги ҳақида халққа тушунча берди. Унинг айтишича, бу шартнома “Ўзбекистонга ёвуз ва ғараз ниятда бўлган кучлар”дан ҳимоя учун керак.

И.Каримов Россия паноҳига кириш билан Ўзбекистонни қандайдир ҳамлакорлардан, аниқроғи кимни қандай ҳамладан ҳимоя қилмоқчи экани тўғрисида саволлар пайдо бўлиши табиий.

АҚШнинг Колумбия университетида таҳсил олаëтган ўзбекистонлик таҳлилчи Фарҳод Инағомбоевнинг фикрича, иттифоқчилик муносабати И.Каримовнинг сўнгги имконидир. У ўзи ва оиласи манфаатлари учун сўнгги кунларини сақлаб қолишга уринмоқда.

“(Бу ҳужжат) унинг нафақат миллат ва мамлакат, балки ўз ғурур ва андишасини ҳам сотгани, ҳозирги аҳволи жудаям оғирлигини кўрсатади. И.Каримов ва оиласи Москвадан сиëсий бошпана олиши учун ўзбек халқи товон пули тўлайди ва бу тез орада халқ бойликларининг яна қайта Россия тасарруфига ўтишида кўринади”, - деди Ф.Иноғомбоев.

Унинг айтишича, Россия ўзбек гази, нефти ва пахтасини арзонгаровга сотиб олади. Россия билан бошланган бу ўйиндан халққа умуман манфаат етмайди, аксинча ҳозирги муносабатлар фақат “Каримов ва унинг атрофидаги бир ҳовуч амалдорлар манфаатига хизмат қилади”.

Бу фикрни давом эттирган Қозоғистондаги Марказий Осиё стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари Ерлан Карин “И.Каримов Ўзбекистон миллий манфаатларини сотиш билан эҳтимоли кучайиб бораëтган фавқулодда ҳолати учун замин ҳозирлаши”ни таъкидлади.

“Каримов бу шартномага қўл қўйиш орқали Москвадан сиëсий бошпана олди ва ўзини тўлиғича Москва қўлига топширди. У нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиë манфаатларига ҳам зиëн келтириши мумкин бўлган ишга қўл урди”, - деди Е.Карин.

Унинг сўзларига кўра, Тошкент ва Москва ўртасидаги муносабатлар суръатининг тезлашуви, хусусан, ҳарбий соҳадаги ҳамкорликнинг намойишкора кучайиши Марказий Осиëдаги нисбий мувозанатни бузиб юборади. Ҳозиргача минтақада АҚШ, Хитой ва Россия манфаатлари заиф шаклда бўлса-да, мувозанатда эди. Аммо катта ўйинчилардан бири бўлмиш Россиянинг минтақадаги ҳарбий таъсири кучайиши бу мувозанатни бузади ва геосиёсий вазиятни кескинлаштиради.

“Биз Ўзбекистон фуқароси эмасмиз, аммо бир давлат манфаатларининг ҳукмдор муаммолари, унинг қўрқуви туфайли сотиб юборилиши одамга алам қилар экан. Ҳукмдорнинг ўз жонини сақлаш учун миллат манфаатларини олди-орқасига қарамай сотиши кечириб бўлмайдиган иш”, - деди қозоғистонлик таҳлилчи.

Аммо Ўзбекистондаги ҳукумат йўлини қўллайдиган таҳлилчиларнинг фикри бошқачароқ. Жумладан, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази етакчи жамиятшуноси Марат Ҳожимуҳаммедов Россия билан тузилган иттифоқ Ўзбекистоннинг мустақиллигини сусайтирмаслиги, аксинча кучайтиришини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG