Линклар

Қозоғистонликлар сайлов ҳаққоний ўтишига шубҳа қиляпти


Қозоғистон мухолифати вакиллари мамлакат президенти лавозими учун давом этаётган сайловолди жараёнида ўзларига турли таъқиб ва тазйиқлар бўлаётганини даъво қилмоқда.

Гарчи сайловолди жараёнида беш номзод иштирок этаётган бўлса-да, асосий кураш амалдаги президент Нурсултон Назарбоев ва мухолифат етакчиси Жармахон Туяқбой ўртасида боряпти.

Ж.Туяқбойнинг Олмаота шаҳридаги бош штаби бошлиғи Тўлен Тўхтасиновнинг сўзларига қараганда, уларга ҳуқуқ-тартибот органлари, ҳокимият вакиллари кучли тазйиқ ўтказяпти.

“Улар мухолифат фаолларига турли ярамас, нопок йўллар билан тазйиқ қиляпти. Жойлардаги ишончли вакилларимиздан баъзилари кучли босим туфайли сафимиздан чиқишга мажбур бўлди. Ташвиқот материалларимиз тарқатилишига ҳам қинғир йўллар билан қаршилик кўрсатиляпти. Шарқий Қозоғистон вилоятида 700 минг дона ташвиқот воситаси ортилган автомобиль ёқиб юборилди. Семипалатинскда ҳам шунча ташвиқот воситаси ўғирлаб кетилди”, - Т.Тўхтасинов.

Т.Тўхтасиновнинг “Озодлик” радиосига айтишича, Ж.Туяқбой номзоди тарғиб қилинаётган учрашувларга ҳам ҳукумат томонидан халақит бериляпти. Масалан, Оқмола шаҳрида болалар уйининг 13-15 ёшли тарбияланувчилари олиб келиниб, улар учрашув пайтида шовқин солиб, тўполон кўтарган. Ж.Туяқбойнинг суратларини, ташвиқот материалларини йиртиб ташлаган. Кўп жойларда маст ўсмирлар ишга солинмоқда. Улар полиция раҳнамолигида мухолифат фаолларини ҳақорат қилиб, учрашувга халақит беряпти.

Қозоғистон коммунистик партияси марказий қўмитаси биринчи котиби Серикбўлсин Абдилдин сайловолди жараёнида Ж.Туяқбойнинг ишончли вакили сифатида қатнашяпти.

“Бу каби ғирромликлар мухолифат фойдасига ишламоқда. Халқнинг аксарияти Ж.Туяқбой номзодини қўллаяпти ва уни президент сифатида кўришни истаяпти. Турли қинғирликлар тарафдорларимиз фаоллигини кучайтиряпти. Одамларда ҳукуматга қарши норозилик кайфиятлари пайдо бўляпти”, - деди С.Абдилдин.

С.Абдилдиннинг таъкидлашича, кўпчиликнинг Ж.Туяқбойга овоз бериши кутилаётган бўлса-да, Н.Назарбоев амалидан кетмаса, сайлов ҳеч қачон ҳаққоний ўтмайди. Мухолифат кузатувчилар иштирокида сайловчилар овозлари сохталаштирилиши олдини олиши керак.

Қозоғистонда мухолифатга ишонч билдирмаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Жанубий Қозоғистон университети профессори Файзулла Исҳоковнинг сўзларига кўра, мухолифатнинг сайловолди дастури амалдаги президентникидан анча заиф. Мухолифат турли ваъдалардан ташқари амалий ишларга қодир бўлиши керак. Лекин ҳозир мухолифат амалий иш қила олгани йўқ.

Қозоғистоннинг ҳатто энг чекка овулларида ҳам амалдаги президентга овоз беришга чақирувчи ташвиқот воситаларини учратиш мумкин. Н.Назарбоевнинг ишончли вакили Шабоҳат Ибрагимованинг айтишича, амалдаги президент қилаётган ишлар халққа ёқади. Шунинг учун аксарият кўпчилик унга овоз беради.

“Казрейтинг” агентлиги маълумотига кўра, кўпчилик қозоғистонликлар сайлов ҳаққоний ўтишига шубҳа билан қарамоқда.
XS
SM
MD
LG