Линклар

logo-print

Эврилишларнинг қурсин сенинг, тарих!

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон ва Россия ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланиши бу икки давлат муносабатларига оид битилган тарихдаги таъкидлар ўзгаришига олиб келадими?

Бугун шундай савол пайдо бўлиши табиий. Зеро, 90-йиллар давомида Ўзбекистон президенти Россияни мунтазам танқид қилиб келди. Натижада, кузатувчиларнинг фикрича, тарих китоблари ҳам айнан шу нуқтаи назардан битилди. Кечагина АҚШ манфаатига ёрдам бериб юбориш мақсадида Ироқдан “юзлаб минг тонна кимёвий модда” топган ўзбек матбуоти бугун Россия шаънига тўхтовсиз мақтовлар ёғдираётгани тарих яна бир марта “эврилмас”лигига кафолатни йўққа чиқаради.

Ўзбекистон-Россия муносабатларига Ўзбекистонда доимо турлича ёндашилган. Масалан, собиқ иттифоқ даврида Ўрта Осиё Россияга “қўшиб олингани” айтиларди. Мустақиллик йилларида “қўшиб олиш” босиб олишга айланди. Ўзбекистоннинг собиқ иттифоқ давридаги тарихига оид китобларда республика “марказга пахта етказиб берувчи қарам бир ўлка” бўлгани таъкидланади.

Хуллас, Ўзбекистон Россия билан яна иттифоқ бўлиши мустақиллик йилларининг шу давригача ёзилган дарсликларида битилган гапларни яна ўзгартирадими, деган саволни кўндаланг қўяди.

Бир неча тарих дарсликлари муаллифи, профессор Гога Ҳидоятовнинг таъкидлашича, тарихчиларнинг бу масалага муносабати ортиқ ўзгармайди. Чунки Россия Марказий Осиёни забт этгани факт.

“Сиёсат ўзгараверади, лекин тарих холис бўлиши керак. Албатта, баъзи вақтларда сиёсатга қараб тарих ёзилади. Лекин бирор мамлакатни “қўшиб олиш” ёки “забт этиш” каби нозик масалалар тўғри акс эттирилиши лозим. Кўпчилик ҳақиқатни бўрттириб юборган жойлари бўлди, албатта”, - деди Г.Ҳидоятов.

Ўзбекистоннинг ўтган 15 йил давомида бир неча марта ўзгарган ташқи сиёсати тафсилотлари тарих китобларида қачон акс этади?

Бу саволга жавоб берар экан, Г.Ҳидоятов ҳақиқат 10-15 йилдан кейин билиниши, чунки ташқи сиёсатда кўп жиҳатлар махфий бўлишини таъкидлади. Баъзи жиҳатлар яқин орада, айримлари кейинроқ ошкор бўлади. Тарихчилар эса бунинг устида ишлаши керак.

Филология фанлари номзоди Бахтиёр Исабековнинг эътирофича, дарсликларда Россияга шаънига айтилган кескинроқ таъкидлар энди, албатта, ўзгартирилади. Чунки Ўзбекистонда тарихнинг қандай ёзилишини ҳукумат белгилайди.

“Россия ҳақида совет замонида нима дейилган бўлса, ўшанга қайтилади. Унинг талқини ҳам шундай бўлади”, - деди Б.Исабеков.

Тарих фанлари доктори, профессор Анатолий Саъдуллаевнинг сўзларига кўра, шу пайтгача бўлган тарих ёзилди, энди буни ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

“Тарих қандай бўлган бўлса, шундай қолади. Шунинг учун бундан янги бир муаммо ясаш керак эмас, деб ўйлайман”, - деди профессор.
XS
SM
MD
LG