Линклар

logo-print

Чимкентлик адвокатлар биносиз қолди


Озодбек Жанубий Қозоғистон вилояти адвокатлар ҳайъати жойлашган бино вилоят суди қарори билан Чимкент шаҳрининг Ал-Фаробий тумани ҳокимлиги ихтиёрига олиб бериляпти.

Адвокатлар ҳайъати раиси Алиасқар Жумабоевнинг “Озодлик” радиосига айтишича, Чимкент шаҳри ҳокимлиги деярли бир йилдан буён бу икки қаватли бинони олиб қўйиш учун ҳаракат қилади.

“Ҳокимлик биз 30 йилдан бери фаолият кўрсатаётган бинони очиқчасига тортиб олиш пайига тушган эди ва бу мақсадига суд орқали эришди ҳам. Суд ижрочилари беш кун ичида бинони ихтиёрий тарк этмасак, мажбуран кўчирилишимиз ҳақида огоҳлантирди. Биз бошпанасиз қолдик”, - деди А.Жумабоев.

Шаҳар ҳокимлиги ва адвокатлар ўртасида талаш бўлаётган бинода адвокатлар ҳайътидан ташқари иккита ҳуқуқий маслаҳатхона ҳам жойлашган эди. Қизиғи шундаки, бино масаласида бўлиб ўтган суд жараёнининг биринчиси адвокатлар фойдасига ҳал бўлганди. Кейинги суд эса бунга тескари қарор чиқарди.

15 ноябрь куни вилоят адвокатлари бу қарордан норози бўлиб, бойкот эълон қилди ва суд жараёнларида умуман қатнашмасликка келишиб олди.

“Айни масала юзасидан мамлакат президенти, парламенти, Олий суди, Бош прокуратураси ва бошқа мутасадди ташкилотларга очиқ хат йўллаб, мавжуд ҳолатдан хабардор этдик. Унда бино масаласидаги суд жараёнларида бизнинг иштирокимиз самарасиз, бефойда бўлгани ҳам айтилган. Шунинг учун адвокатлар жамоаси бир овоздан судни бойкот қилишга келишиб олди”, - деди А.Жумабоев.

Суд собиқ иттифоқ даврида адвокатлар ҳайъатига расмийлаштириб берилган мазкур бино ҳужжатларини ҳозир қонуний кучга эга эмас, деб топди. Суд Қозоғистон мустақил бўлгач, илгари Чимкент бўлган вилоят номи Жанубий Қозоғистон деб ўзгартирилганини асос қилиб олди.

А.Жумабоевнинг билдиришича, адвокатлар ҳайъатига шу пайтгача Ал-Фаробий тумани ҳокимлиги жойлашган кичик бино таклиф этилган. Аммо анчагина кичик ва хоналари кам бўлган бу бино 300 дан ортиқ ходимга эга адвокатлар ҳайъати учун жуда торлик қилади.
XS
SM
MD
LG