Линклар

“Зукко иқтисодий сиёсат” ёки “оч баччағар”нинг хавфи ҳақида

  • Замира Шукур

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўзини зукко иқтисодчи, деб билади. Зеро, “мустақил тараққиёт”нинг қатор-қатор тамойиллари асосида шакллантирилган “ўзбек модели” ҳақида айтилаётган баландпарвоз сўзлар шундан дарак беради.

Президент иқтисоднинг у ëки бу мамлакатдаги умумвазиятга қандай таъсир кўрсатишини тушунмайди, дейиш хато бўлади. И.Каримов айнан иқтисодий фаровонлик барқарорликнинг энагаси эканини оғизда кўп айтади. 14 ноябрь куни Москвага жўнаб кетиш арафасида ҳам шу каби “тамойиллар” тилга олинди. У ҳар қандай бало-қазодан асровчи куч иқтисодий барқарорлик эканидан гапиради.

Афтидан, у Ўзбекистонда “бало-қазодан асровчи” иқтисодий барқарорлик мавжудлигига ишонади, акс ҳолда унинг қадрига етиш ҳақида гапирмаган бўларди. Аммо мустақил кузатувчилар айнан шу ишонч И.Каримовнинг энг катта хатоларидан бирилигини таъкидлайди. Зеро, кейинги 15 йил ичида мамлакат иқтисодий барқарорликка қанчалик “яқинлашгани” кўпчиликка сир эмас.

Қароргоҳи Берлинда жойлашган “Транспаренси интернейшнл” ташкилотининг Марказий Осиë бўйича иқтисодчиси Миклуш Маршал И.Каримов ва ҳукуматининг асосий мухолифати унинг иқтисодий сиëсати оқибатида қашшоқлашган халқ эканини билдирди.

“Ўзбекистондаги иқтисодий вазият ташқаридан қараганда жуда қоронғу – мамлакат ташқи дунëдан тобора яккаланиб қолмоқда. Ҳукумат иқтисодий сиëсатини ўзгартиради, деган умидда қилинган уринишларнинг барчаси пучга чиқди ва вазият кун сайин ëмонлашяпти. Бугун Ўзбекистон Европа Иттифоқи ва АҚШ эмбаргоси остида қолди ва бундай шароитда иқтисодий вазиятни пушти рангларда кўриш шабкўрликдан бошқа нарса эмас”, - дея ўз таъкидини изоҳлайди М.Маршал.

М.Маршал нотўғри иқтисодий сиëсат қаторида жиловланмаган коррупцияни ҳам қўшса, Ўзбекистонда оддий халқнинг иқтисодий вазияти янада ойдинлашишини айтди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон порахўрлик кўлами жиҳатдан дунëда энг олдинги сафларда. Бундан ташқари, коррупция тобора кучайиб бормоқда. Мамлакат иқтисодиётининг эртаси бугунидан яхшироқ бўлишига умид қилиш учун бирор асос йўқ.

И.Каримовнинг ўзи эса мамлакатдаги иқтисодий вазият ҳақида тамом бошқача фикрда. Боз устига, у М.Маршалдан фарқли ўлароқ, келажакка оптимистик кўз билан қарамоқда. Унинг фикрича, Москва билан иттифоқчилик шартномаси Ўзбекистон иқтисодини янада ривожлантиради, унинг йўлидаги тўсиқларни олиб ташлайди.

Гарчи И.Каримов бу шартномани халқ ҳаëтига рўшнолик олиб келувчи сиëсат намунаси қилиб кўрсатишга қанчалик уринмасин, мустақил кузатувчилар ўзгача фикрда. Хусусан, М.Маршалнинг таъкидлашича, шартнома қисқа муддат ўз таъсирини кўрсатиши ҳам мумкин, аҳоли турмушига эмас.

“Ўзбекистондаги коррупция даражасидан келиб чиқиб, бундай келишувдан яна элитанинг бир гуруҳ аъзолари фойда кўришига ишончим комил. Аҳоли Ўзбекистон ўз чегараларини ташқи дунëга, ўз қўшниларига очса, савдо алоқаларига эркинлик берсагина фойда кўради. Шу боис, Россия билан янги иттифоқнинг халқ ҳаëтига бирор таъсири бўлишига кўзим етмайди. Аксинча, у И.Каримовга сохта барқарорликни бироз чўзишга имкон беради”, - дейди М.Маршал.

Бундан ташқари, иқтисодчининг айтишича, Россиянинг Ўзбекистондаги асосий манфаати ҳарбий характерда ва Россиянинг ўзбек иқтисоди вазиятига таъсир кўрсатиш воситалари йўқ. Россия иқтисодининг ўзи бир томонлама бўлиб, асосан, нефть ва газдан тушадиган даромадга қарам.

М.Маршалнинг эътирофича, Россия билан бундай иттифоқчилик халқ ҳаëти учун сув билан ҳаводек зарур бўлган ўзгаришларни яна орқага суради. Андижондаги халқ норозилигининг шавқатсизларча бостирилгани ҳукумат тепасида ўтирганларда вазиятни тубдан ўзгартириш учун сиëсий ирода йўқлигини кўрсатди.

Аксарият мутахассислар Ўзбекистон халқининг ялпи қашшоқлашуви қўрқинчли суръатда кучаяётгани, бу келажакда ижтимоий портлашга замин ҳозирлаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда. И.Каримов эса бундай огоҳлантиришга асос йўқлигини кўп бор таъкидлаган.

Аммо “ҳолва-ҳолва” деган билан оғиз чўчимайди. Ҳолвани эшитган кишиларнинг сўлаги келиб, иштаҳаси очилади, холос. Оч баччағардан эса қоч баччағар...
XS
SM
MD
LG