Линклар

Ўзбекистон яна “қора рўйхат”да

  • Ҳурмат Бобожон

Қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Ўзбекистонни Интернет душманлари рўйхатига киритди. Бу рўйхат Интенет муаммолари бўйича Тунисда ўтаётган саммитда эълон қилинди.

Хитой ва Эрон карвонбошилик қилаётган “қора рўйхат”да эндиликда постсовет давлатларидан фақат Беларус, Ўзбекистон ва Туркманистонни кўриш мумкин.

“Интернетни бўғишда Хитой ҳали ҳам энг репрессив давлат бўлиб қолмоқда. Бу давлат цензурада, сиёсий, ҳукумат қарашига муқобил қарашдаги сайтларга тўсиқ қўйишда энг илғор технологияларни қўллаб, Интернет устидан кучли назорат ўрнатган”, - дейди “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти вакили Жульен Пэйн.

Ж.Пэйннинг сўзларига кўра, Хитойдан фарқли ўлароқ, Туркманистон ва Ўзбекистонда Интернет устидан Куба ҳамда Шимолий Кореядаги каби назорат ўрнатилган. Яъни Хитойда Интернет устидан илғор технологиялар орқали назорат ўрнатиш ва иқтисодий жиҳатдан унинг ривожланишига тўсқинлик қилмаслик сиёсати юргизиляпти. Куба ва Шимолий Кореяда эса энг оддий усул, яъни одамларнинг Интернетга киришига йўл қўймаслик йўли танланган. Бу усул Ўзбекистон ва Туркманистонга ҳам хос.

Гарчи Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўз чиқишларидан бирида Интернетни бўғиш аҳмоқлик эканини айтган бўлса-да, Ж.Пэйн бу гап фақат тилда бўлиб, дилда эмаслигини таъкидлади.

“И.Каримов Ўзбекистонда Интернетни ривожлантириш ҳақида кўп гапирган. Биз буни биламиз. Аммо айни пайтда Каримов Интернет қандай кучга эга эканини ва унинг хокимиятига қандай хавф солишини ҳам яхши билади. Шу боис, у Интернет устидан кучли назорат ўрнатишга ҳаракат қилиб келмоқда. Ўзбекистонда бу ишга хавфсизлик ҳизматлари ва провайдерлар жалб этилган. Улар мухолифат веб-сайтларини тўсиш билан шуғулланади”, - дейди Ж.Пэйн.

Маълум бўлишича, ҳозир Ўзбекистонда кўпгина мустақил ахборот сайтларига тўғридан-тўғри кириш имконсиз бўлиб қолган.
Яқинда “Фергана.ру” сайти ношири Даниил Кислов мазкур мамлакатда Интернетнинг бўғилиши муаммосини ўрганди. Бунинг натижасида нафақат бутун бошли сайтлар, балки тўғридан-тўғри очиладиган сайтлардаги айрим мақолаларга ҳам тўсиқ қўйилиши маълум бўлди.

“Ҳукумат учун мухолиф қарашдаги ёки конституциявий тузумга қарши бўлиб кўринган мақолалар тўсилади. Аслида бу сайтларнинг ҳеч бири бундай мақсадни кўзламайди”, - дейди Д.Кислов.
XS
SM
MD
LG