Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:37

Қуролли кучларнинг “қуролсиз” вазири ишдан кетди


18 ноябрь куни Ўзбекистон мудофаа вазири Қодир Ғуломов ўз вазифасидан озод этилиб, мамлакат президентининг фан ва таълим масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси этиб тайинланди.

Бу маълумотни вазирлик матбуот хизмати раҳбари Раҳимжон Нурназаров тасдиқлади.

Шундай қилиб, 2000 йил 29 сентябрда мудофаа вазири курсисини эгаллаган физика фанлари доктори, ядро физикаси бўйича таниқли олим Қ.Ғуломов яна ўз соҳасига қайтарилди.




Журналист Шароф Убайдуллаевнинг айтишича, катта олим ва машҳур шоир Ғафур Ғуломнинг ўғли бўлган бу шахснинг Мудофаа вазирлигига нега келганию кетгани жамоатчиликка қоронғудир.

Беш йил нима билан шуғулланганини биров билмаган мудофаа вазири ишдан олинишига нима сабаблар бўлиши мумкин?

Бу саволга жавоб бериб, исмни ошкор этмаган собиқ офицерлардан бири Ислом Каримовнинг атрофидаги кадрларни ўзгартиришига бош мезон уларнинг ўзига садоқати эканини таъкидлади ва Қ.Ғуломовнинг ишдан кетишига асосни ҳам шу мезонга боғлаш кераклигини қўшимча қилди.

Россиялик мустақил ҳарбий шарҳловчи Павел Фелгенгауэр ҳам бу фикрни маъқуллайди.

“Афтидан Каримов ўз атрофидагиларга кўп ҳам ишонмайди. Бу мустабид режимлар учун одатий ҳол. Каримов ҳозир ва бундан буëғига фақат махсус хизматларга таянади, қолганларнинг баридан ҳадиксирашга ўтади”, - дейди россиялик таҳлилчи.

П.Фелгенгауэр бу ишончсизликка Ўзбекистон Қуролли кучларининг Андижондаги хатти-ҳаракатлари ҳақида президент биладиган маълумотлар сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Унинг айтишича, Андижон воқеалари пайтида ҳарбий бўлинмалар ўзини И.Каримовга маъқул жиҳатдан кўрсата олмагани, ҳатто маҳаллий гарнизон қоча бошлагани ҳақида хабарлар бор. Бу эса президентда Қуролли кучлар уни охиригача ҳимоя қилишига шубҳа уйғотган ва Мудофаа вазирлигини ҳам Миллий хавфсизлик хизмати назоратига топширишга ундаган бўлиши мумкин.

14 май куни Андижонда ўзбек ҳарбийлари хатти-ҳаракатларини бевосита кузатган андижонлик гувоҳлардан бири ҳам россиялик таҳлилчининг тахминини қувватловчи бир воқеани сўзлаб берди.

“14 май куни эрталаб соат еттиларда ҳокимлик биносига ўқ отилаётган экан. 20 минутлар ўтиб, ортига кетаётган ҳарбийлар олдига чиққан халқ уларни одамларга ўқ отгани учун койий бошлади. Ўша пайтда ҳарбийларда халқни отиш мақсади йўқлиги кўринди. Улар халққа қурол ўқталиб, таранг вазият юзага келганида ҳарбийлардан бири қўлини кўтариб, одамлар билан бирдамлигини изҳор қилди. Кейин улар чекинди. Мен 13 май куни ҳарбийларга қандайдир дори берилгани ҳақида эшитгандим. Эртасига дори таъсири тарқагач, улар нима қилганини тушунган бўлиши мумкин”, - деди андижонлик киши.

“Озодлик” мухбири суҳбатлашган собиқ ҳарбий Мудофаа вазирлигида катта пуллар айланиши, вазирнинг катта маблағни И.Каримов хоҳлаганидан бошқачароқ сарфлаб юборгани ҳам унинг ишдан олинишига сабаб бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Унинг айтишича, Россия билан муносабатлар яхшиланиши баробарида Ўзбекистонда ҳарбий соҳани ривожлантириш ҳақида ҳам гап бўляпти. Энди армиядаги янги йирик маблағлар масаласи ҳам кун тартибига чиққан.

Ш.Убайдуллаев Ўзбекистондаги сўнгги вақтлардаги кетма-кет кадрлар ўзгаришига “кадрлар зилзиласи”, дея таъриф берди. Унинг сўзларига кўра, қанчалик сир тутилмасин, бу ўзгаришлар Андижон фожеаси билан боғлиқ. Бу ҳолатни Сталин Иккинчи жаҳон уруши вақтида саросимага тушиб, кадрларга қирон келтиргани мисолида тушуниш мумкин. Уруш охирида ҳатто Гитлер ҳам шундай саросимага тушган.

Ш.Убайдуллаев кадрлар ўзгаришига Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга қарши жорий этган жазо чоралари туртки бўлган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

Айрим кузатувчилар эса кейинги кадр ўзгаришларини И.Каримовнинг Россия билан апоқ-чапоқ бўлиб кетгани билан боғламоқда. Хусусан, Россияда барча муҳим вазифалар махсус хизматлар вакиллари қўлидалиги боис, Ўзбекистон раҳбари ҳам ундан нусха олишга тушиб кетгани тахмин қилиняпти.

Аммо россиялик таҳлилчи Павел Фелгенгауэр бу тахминларга қўшилмади.

“Россиядаги Федерал хавфсизлик хизмати ва унинг каримовча варианти Ўзбекистонда ҳамиша кучли бўлган. Одатда мустабид тузумлар борган сари Қуролли кучларга эмас, балки бостириш аппарати бўлмиш махсус хизматларга кўпроқ таянади ва армияни ҳам махсус хизматларга қарам қилиб қўяди. Собиқ СССР, нацистлар Германияси, Саддам Ҳусайн ва Слободан Милошевични бир эсланг-а, уларнинг асосий таянчи махсус хизматлар бўлган”, - деди таҳлилчи.

П.Фелгенгауэр И.Каримов Владимир Путин билан иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида шартнома имзолагач, ўз ҳукуматидаги Ғарбга хайрохоҳларни россияпарастларга алмаштира бошлагани тўғрисидаги қарашларни ҳам рад этди. Унинг таъкидлашича, Тошкентда ғарбпарастлар йўқ. У ерда ë каримовпараст бўлиш ëки ҳеч ким бўлмаслик мумкин.

Қ.Ғуломовнинг ўрнини шу пайтгача Ўзбекистон Миллий хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келган Руслан Мирзаев эгаллади. Узоқ йиллар МХХда ишлагани, бу идора бошлиғи Рустам Иноятовнинг ишончли одами экани ҳақидаги гап-сўзлардан ташқари у ҳақда деярли маълумот йўқ.



Руслан Мирзаев


Р.Мирзаевнинг мудофаа вазирлигига келиши билан бирор нарсани ўзгартирадими, деган саволга жавоб берар экан, суҳбатдош собиқ офицер: “Бутун ҳукумат истеъфога чиқиб кетса ҳам Ўзбекистон халқи ҳеч қандай реакция кўрсатмайди. Келадигани ҳам, унинг ворисларининг ҳам ишлаш услубида фарқ йўқ. Президент ўзгарсагина одамларда қандайдир реакция бўлиши мумкин”, - дея жавоб қайтарди.
XS
SM
MD
LG