Линклар

Кўп сирларга гувоҳ мактаб таъмирланади

  • Садриддин Ашур

Андижон шаҳридаги 15-ўрта мактаб ўқув йилининг 2-чорагидан ёпилиб, ўқувчилар бошқа мактабларга тақсимланди. Андижон воқеалари чоғида айнан шу мактабга юзлаб мурдалар келтирилгани айтилган эди.

Хусусан, андижонлик шифокор Гулбаҳор Тўраева Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида 13 майдаги отишмалардан кейин мактабга келтирилган юзлаб мурдаларни ўз кўзи билан кўрганини таъкидлаганди.

“Мактабга борсак, атрофи қўриқланаётган экан. Аммо унинг ҳудуди темир панжаралар билан ўралгани сабабли ичкаридаги ўликларни ташқаридан ҳам кўрса бўларди. Мен 400 тагача ўлик санаб бўлгандим, одамларни ҳайдаш бошланди. Бу ерда яна юзтача ўлик бор эди”, - деганди Г.Тўраева.

Андижон воқеаларидан кейин шаҳарга биринчи бор келган дипломатик корпус вакиллари ва журналистлар ҳам 15-мактабни бориш кўришга қизиқиш билдирганди. Аммо Ўзбекистон ички ишлар вазири Зокиржон Алматов йўл-йўлакай кириб ўтишни ваъда қилган бўлса-да, журналистлар ва дипломатлар мактабга олиб борилмаганди.

“Фергана.ру” сайтида ёзилишича, 13 май воқеасидан кейин кўпчилик ота-оналар ўз фарзандларини бошқа мактабларга берган. Гўёки болалар бу ерда ёлғиз қолишдан, арвоҳларнинг руҳидан қўрқаётган, мактабдан эса мурда ҳиди узоқ вақт кетмаётган экан.

Аммо фарзанди 15-мактабда ўқиётган аёл “Озодлик” мухбири билан суҳбатда гўёки арвоҳлар борлиги ва ўликлар ҳиди келиши ҳақидаги гапларни инкор қилди.

Андижон шаҳри халқ таълими бўлими мудири Абдурашид Абдураҳмоновнинг сўзларига кўра, вилоятдаги 6 та, жумладан, 15-мактаб ҳам Вазирлар Маҳкамасининг бу йилги дастурига киритилган. Яъни бу мактаблар капитал таъмирдан чиқарилади. 15-мактаб ҳам тўла таъмирланиб, қўшимча бинолар, жумладан, спорт зали қурилади.

А.Абдураҳмонов 15-мактаб уч ой ичида капитал таъмирдан чиқарилиб, февраль ойидан бу ерда яна дарслар бошланишини билдирди.
XS
SM
MD
LG