Линклар

logo-print

Ўзбекистонда МДУ филиалини очиш масаласи ўрганиляпти


Феруза Ўзбекистонда Москва давлат университетининг филиалини очиш масаласи тегишли идораларда кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги вакили маълум қилди.

Аммо у ҳозирча бу ҳақда аниқ маълумот бера олмаслигини билдирди.

МДУнинг филиалини очиш масаласи Ўзбекистон президентининг яқинда Россияга қилган сафари чоғида кўтарилган эди. Оддий кишилар бу масалага турлича ёндашмоқда. Талабалар орасида МДУ филиали очилишини ёшлар учун яна бир имконият сифатида кўраётганлар ҳам бор. Совет даври қайтиб келишидан чўчиётганини билдирган баъзилар эса Россия шу йўл билан ўз таъсирини ўтказишга уринаётганини, МДУнинг филиалига эҳтиёж йўқлигини таъкидлади.

Филология фанлари доктори, профессор Санжар Содиқовнинг фикрича, МДУда ўқишни жуда кўпчилик орзу қилади. Чунки МДУнинг имкониятлари ва таълим савияси жуда баланд.

Ўзбекистон Миллий университети география факультети декани Равшан Маҳмудалиев илм-фанни сиёсат билан боғламаслик кераклигини таъкидлар экан: “МДУ филиали очилиши, Россия етук олимларининг Ўзбекистонга келиб, дарс ўтиши талабаларимиз учун катта ютуқ бўлади”, - деди.

Филология фанлари доктори, профессор Абдуғофур Расулов МДУ нуфузи, илм-фан ютуқларини инкор этмаган ҳолда, Ўзбекистонда, айниқса, фундаментал фанларни Россия олимлари билан ҳамкорликда ривожлантириш фойдали эканини таъкидлади.

“Аммо кейинги 10-15 йил ичида ёшларимиз рус тилидан анча узоқлашди. Ҳозир мактабни битирган ўқувчилар лотин ёзуви бўйича мутахассисдир. Улар МДУ филиалида ўқиса, рус тили ва кирилл ёзувига мослашуви анча қийин масала. Биз унда кимлар ўқишини эсдан чиқармасдан, бу ерда таълим олганлар ўзбек фани ва келажагига хизмат қиладиган олимлар бўлишини назарда тутишимиз керак”, - деди А.Расулов.

Аксарият зиёлилар МДУ филиалининг очилиши фақат ва фақат Ўзбекистон билан Россиянинг ҳозирги муносабатлари натижаси эканини таъкидлади. Уларнинг эътирофича, филиал очилиши Ўзбекистонга россиялик кўплаб мутахассислар, талабалар келишига, илгари тарихий юртига кетиб қолган руслар яна қайта бошлашига олиб келади.
XS
SM
MD
LG