Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:51

Бозорни раҳбар эмас, халқ танлайди


Лобар Сирдарё вилояти раҳбарлари Тошкент-Термиз йўли ёқасида бунёд этилган, бир неча йиллардан буён қаровсиз ётган Гулистон улгуржи бозори фаолиятини маъмурий усуллар билан йўлга қўйишга ҳаракат қилмоқда.

Вилоят йўл-патруль хизмати ходимлари трассадан ўтаётган жамоат транспортларини тўхтатиб, шаҳардан анча чеккада 1 миллиард 200 миллион сўм сарфлаб бунёд этилган бозорда савдо қилишга мажбурлаяпти. Аммо бу маъмурий усуллар аҳоли норозилигига сабаб бўляпти.

Гулистон марказий бозоридаги тадбиркорлар ҳам улгуржи бозорда савдо қилишга мажбурланмоқда. Ҳатто патта нархлари марказий бозордагидан 50 фоиз арзонлаштирилгани ҳам тадбиркорлар норозилигини пасайтираётгани йўқ.

Уларнинг сўзларига кўра, бозордаги савдо ўринлари баҳосини ҳам 50 фоиз туширишга ваъда берилган. Бироқ бу жойларни ўтган йили сотиб олган одамлар бор. Улар бошқа тадбиркорларга ўз жойларида савдо қилишга рухсат бермайди. Бундан ташқари, улгуржи бозорда савдо йўқ.

“Шаҳар чеккасидаги бозорга бориш қўшимча харажатлар талаб қилади. Бизга икки баробар қиммат бўлиб кетяпти. Ўртада сотувчи ҳам, олувчи ҳам сарсон бўляпти”, - дейди харидорлардан бири.

Гулистон марказий бозорида савдо қиладиган тадбиркорларнинг асосий қисми кичик савдо айланмасига эга. Уларнинг савдодан кўраётган даромади кунўтарга етади. Тадбиркорлар ўтган йили ҳам улгуржи бозорда савдо қилишга мажбурлангани, аммо ҳеч ким бормагач, шаҳар марказидаги бозорга қайтишга мажбур бўлганини билдиряпти.

“Қайтиб келиб, яна жойсиз қолдик. Кўчада ўтириб савдо қиляпмиз. Ўтган йили ҳам улгуржи бозорда 15 кунча ўтирдик. Халқ келмади. Сарсон бўляпмиз”, - дейди савдогарлар.

Айни пайтда Гулистон улгуржи бозорида, асосан, автомобиль эҳтиёт қисмлари билан савдо қилаётган тадбиркорларни учратиш мумкин. Улар ҳам бозордаги шароит айтарли яхши эмаслигини таъкидлади.

Харидорлар орасида улгуржи бозорнинг ишлашини истайдиганлари ҳам бор. Улар йўли ўнг келадиган кишилардир. Улар шунча маблағ сарфланиб қурилган бозор ишлаши керак, деган фикрда.

Мустақил кузатувчи Муҳаммад Алининг айтишича, катта маблағ сарфлаб қурилган улгуржи бозор узоқ йиллар ишламагани учун ҳозир ташландиқ аҳволга келиб қолган, талон-тарож қилинган. Энди эса бозорни таъмирлаш учун яна маблағ сарфланмоқда.

“Бозор билан мозорни халқнинг ўзи танлайди, деган гап бор. Маҳаллий ҳокимият қанчалик мажбурламасин, улгуржи бозор гавжумлашишига умид кам. Агар маҳсулот сероб, йўл харажати кам бўлсагина аҳоли бориши мумкин”, - деди кузатувчи.
XS
SM
MD
LG