Линклар

Т.Калеева: “Ўзбек журналистлари ёлғизланиб қолди”


Шайбон

“Одил сўз” сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаш халқаро жамғармаси Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ва журналистлари фаолиятига қаршилик қилиш ҳолатлари бўйича мониторингининг октябрь ойи натижаларни эълон қилди.


Мониторингда маҳаллий журналистларнинг профессионал бурчини адо этишга тўсқинлик қилиш, газетада эълон қилиниши мўлжалланган мақолаларни олиб ташлашга мажбурлаш, жамият учун муҳим саналган маълумотни беришни асоссиз равишда рад этиш, меҳнат қонунларини бузиш ва ҳоказо ҳолатлар тилга олинган.

Бу каби ҳолатлар ҳар бир мониторингда қайд этиляпти. Вазият эса ўзгараётгани йўқ.

“Одил сўз” жамғармаси раҳбари Тамара Калееванинг фикрича, Ўзбекистонда келтирилган муаммолар ҳал этилишини истамайдиган кучлар бор. Бу кучларга ошкоралик ёқмайди, улар жамоатчиликдан яширин ҳолда ўзларига маъқул ишларни қилишни истайди. Бу истаклар ҳамма вақт ҳам жамоатчилик манфаатида мос келмаслиги мумкин. Шу боис, маълумотлар олишга тўсқинлик қилинади, фаолият чекланади.

“Амалдорлар мавжуд вазият ўзгаришини хоҳламаётган экан, ягона умид журналистларнинг ўзидан. Фақат улар ўзининг дадил чиқишлари ва фош этувчи тадқиқотлари билан бу муаммони енгиб чиқиши мумкин”, - деди Т.Калеева.

Т.Калеева ўзбек журналистлари бузилаётган ҳуқуқлари ҳақида гапира бошлаётганининг ўзи катта қадам эканини таъкидлади. Унинг айтишича, журналистлар ўз ҳуқуқлари топталаётганини англаб етяпти.

“Бугун ягона умид ўзбек журналистларида. Зеро, мамлакатда уларнинг муаммосини кўтариб чиқувчи дўстлар сони камайиб боряпти, улар энди ёлғизланиб қолди”, - деди Т.Калеева.
XS
SM
MD
LG