Линклар

“Интерньюс” Ўзбекистонни умид билан тарк этди


Шайбон “Интерньюс нетуорк” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ёпилиши муносабати билан Тошкентда хайрлашув кечаси ўтказилди. 10 йил давомида маҳаллий журналистлар учун маълум маънода тажриба майдони, сирдош ва кўнгилдош бўлган ташкилот фаолияти шундай тугади.

Сиёсатнинг шум ўйинларини қарангки, аввал “Айрекс”, сўнг “Би-би-Си”нинг Тошкент офиси, энди эса “Интерньюс” (саналмаганлар қанча) ёпилди.

“Энди Ўзбекистонни тарк этмоғимиз лозим, аммо умид қиламизки, қачондир мамлакатда вазият ўзгаргач, қайтишимизга рухсат берилади ва биз ўз ишларимизни қайта тиклаймиз. Шу боис, биз “алвидо” демаймиз, биз “кўришгунча” деймиз”.

“Интерньюс” ваколатхонаси раҳбари Кэтрин Элдриж хайрлашув кечасида шундай умидли сўзларни айтди.

Аммо “Трибюн.уз” сайти раҳбари Аъло Хўжаевнинг сўзларида навбатдаги йўқотишдан изтироб жуда билинди.

“Эркин фикрловчи журналистлар ва оддий инсонларга қарши чинакам қатағон амалга оширилмоқда. Жисмоний зўравонлик ҳақидаги очиқдан-очиқ таҳдидлар янграмоқда. Қаердаки суд орқали енгиш имкони бўлмаса, куч ишга солиниши таъкидланяпти. Афсуски, бу қуруқ гап ёки воқеликни бўрттириш эмас, бу ҳақиқат”, - деди А.Хўжаев.

А.Хўжаев журъатли журналистлар сафи “тобора камайиб бораётгани”ни таъкидлар экан, “Интерньюс” қайтадиган кунлар келгунча, “ниманидир гапираётган ва етказаётган журналистлар қириб ташланиши, йўқ қилинишини асло истамаслиги”ни билдирди.
XS
SM
MD
LG