Линклар

Тошкент халқаро радиоси тақдири мавҳум бўлиб турибди


Дилнаво Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг давлат телерадиокомпаниясини ислоҳ қилишга қаратилган фармонида мамлакат радиосининг хорижга эшиттиришлар узатиш бўлими тақдири ҳақида бирор сўз йўқлиги унинг журналистларини хавотирга солмоқда.

Маълумотларга кўра, фармон эълон қилингандан кейин телевидение ва радио ходимларига 16 январгача қайта аттестациядан ўтказилиш тўғрисида огоҳлантириш қоғози тарқатилган. Шунингдек, телерадиокомпания раҳбарлари янги тузилма устида иш олиб боришга киришган.

Мамлакат радиосининг халқаро эшиттиришлар бўлими ходимлари ишсиз қолишдан хавотир билдиряпти. Улар орасида бўлим ёпилиши ҳақида гап-сўзлар юрибди.

Бўлимнинг “Ватандошлар” муҳарририяти бош муҳаррири Мавжуда Обиджон қизи бу гапларнинг ҳақиқат эканини тасдиқлади.

“Қисқа тўлқинда эфирга узатиш тўхтатилиши, вақти келганда бошқа кўринишларда яна қайта фаолият бошлаши ҳақида халқаро радио бошқармаси бошлиғи огоҳлантирилган. Лекин қачон қайта иш бошлашини билмаймиз. Ходимларимиз бошқа радиоканалларга тақсимланиши ҳақида айтилди”, - деди М.Обиджон қизи.

1947 йилдан бери фаолият кўрсатаётган Тошкент халқаро радиосида бир кунда 16 тилда 17 соатга яқин эшиттириш тайёрланар эди.

М.Обиджон қизи радиога 70 мамлакатдан хатлар олиб туриши, телефон қўнғироқлари бўлишини билдириб, унинг тугатилиш сабаблари ҳақида тўхталди. Унинг сўзларига кўра, раҳбарият қисқа тўлқинда эфирга чиқиш самарасиз бўлиб, тингловчига етиб бормаётганини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG