Линклар

logo-print

Қозоғистондаги мухолифат нашрларига қийин бўляпти


Қозоғистонда президент сайлови ўтказилиши мамлакатдаги оммавий ахборот воситалари учун катта синов бўлаётганга ўхшайди. Зеро, мухолифат газеталари фаолиятига тўсқинликлар тобора кучайиб бораётгани айтилмоқда.

Мухолифат етакчиси Жармахон Туяқбойнинг Олмаотадаги бош штаби маълумотларига кўра, мухолифат газеталари ва Ж.Туяқбойнинг ташвиқот мақолалари ноқонуний равишда мусодара қилинмоқда.

Ўтган ҳафтада Олмаота туманлараро суди “Жума таймс” газетасини президент Нурсултон Назарбоев шахсини обрўсизлантиришда айблади. Газетанинг юз минг нусхаси мусодара қилинди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари “Жума таймс” шу тарздаги фаолиятини давом эттирса, ёпилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди.

“Жума таймс” Н.Назарбоев шахсини обрўсизлантиришда айбланаётган бир пайтда “КТК” телеканали орқали “Касаллик тарихи” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди. 30 дақиқалик ушбу фильм тўлалигича Ж.Туяқбойга қарши руҳда тайёрланган.

Мухолифат фаолларидан бири Абдумалик Сармоновнинг таъкидлашича, мамлакатдаги ОАВнинг асосий қисми Н.Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоева назоратида бўлгани сабабли фуқароларда номзодларни таққослаш имкониятини йўққа чиқармоқда. Натижада сиёсатдан йироқроқ кишилар “Касаллик тарихи” фильмида келтирилган иддаоларни ҳақиқат сифатида қабул қиляпти.

Мухолифатнинг норозилик чиқишлари ва халқаро кузатувчиларнинг танқидий фикрларидан кейин “Хабар” телеканалидаги энг машҳур “Жети кун” таҳлилий кўрсатуви ва “КТК” даги “Портрет недели” ҳафталик кўрсатуви вақтинча эфирдан олиб ташланди.

Сайловолди жараёнида мухолифат нашрлари ва унинг журналистлари учун анчайин қийин бўлаётганини кузатиш мумкин. Яқинда “Азат” газетаси мухбири, таниқли публицист Казис Тўғузбоев журналистик фаолиятни амалга ошираётган пайтда ушланди. Суд уни жамоат тартибини бузганликда айблаб, беш кунлик қамоқ жазосига тортди. 53 ёшли журналист норозилик сифатида суд залидаёқ очлик эълон қилди.

А.Сармоновнинг билдиришича, мухолифатдаги еттита газета учун Қозоғистонда ишлаш ҳеч қачон енгил бўлган эмас. Уларнинг журналистлари учун ишлаш ҳамиша оғир бўлиб келган. Мухолифатдаги журналистлардан бири Асхат Шарифжонов ўтган йили парламент сайлови арафасида ўлдириб кетилган эди. Калтакланган, қамалган, яқинларига ва ўзига тазйиқ бўлган журналистлар сони эса анча кўп.
XS
SM
MD
LG