Линклар

Мўътабар Тожибоева ҳибсхонада интизомий жавобгарликка тортилди

  • Садриддин Ашур

21 ноябрь куни Интернетда “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси раҳбари, айни пайтда ҳибсда сақланаётган Санжар Умаровнинг умр йўлдоши Индира Умарованинг Ўзбекистон Президентига очиқ хати эълон қилинди.

Унда ёзилишича, С.Умаровни тергов қилаётган ҳуқуқ-тартибот ходимлари унинг инсоний шаънини камситмоқда. Шикоятлар эътиборга олинмаяпти. Икки асосий илтимос, яъни С.Умаровни тўлиқ тиббий текширишдан ўтказиш ҳамда эҳтиёт чорасини ўзгартириш тўғрисидаги сўровлар қаноатлантирилмаяпти.

Хатда С.Умаровга бир қанча қийноқлар қўлланилгани, бу ғайриқонуний буйруқлар юқоридан бўлаётгани таъкидланган.

С.Умаровни озод қилиш қўмитаси ҳам матбуот варақаси тарқатиб, унинг бугунги аҳволидан ташвиш билдирди.

Қўмита аъзоси Баҳодир Намозовнинг билдиришича, С.Умаровнинг оила аъзоларига унинг кийим-кечаги қайтариб берилган. Бу кийимларда қон ва сигарет билан куйдириш излари бор. Бу эса унга қийноқ қўлланилганидан дарак беради.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова С.Умаровга нисбатан қийноқ қўлланилаётгани ва тергов ҳаракатлари нотўғри олиб борилаётганини қатъий рад этди.

Шунингдек, Фарғона вилоятидаги “Ўтюраклар” клуби раҳбари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоевага ҳам ҳибсхонада ноқонуний муносабатда бўлинаётгани ҳақида хабарлар бор.

Унинг адвокати Дилафрўз Нурматованинг сўзларига кўра, М.Тожибоевани интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида қарор қабул қилинган. Ҳуқуқ ҳимоячиси ҳибсхона ходимларига қўпол муомалада бўлишда айбланган.

“М.Тожибоева бу қарор аввалдан тайёрлангани, ўзига уюштирилаётган навбатдаги туҳматлардан бири эканини айтяпти”, - деди Д.Нурматова.

Адвокатнинг таъкидлашича, М.Тожибоеванинг қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида Фарғона вилояти прокуратурасига ёзган беш аризасига ҳозиргача жавоб олингани йўқ. Шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячисининг ўз яқинларига мактуб ёзиш ҳуқуқи ҳам чеклаб қўйилган.
XS
SM
MD
LG