Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:32

Узоққа чўзилмаган “узоқ муддатли ҳамкорлик” ёки Goodbye, Хонобод!


21 ноябр куни Хонобод авиабазасидан деярли 4 йил давомида фойдаланган АҚШ ҳарбий контингентининг сўнгги самолёти Ўзбекистонни тарк этди. Америкалик ҳарбийлар тантана билан кузатиб қўйилди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Раҳимжон Нурназаровнинг “Озодлик” радиосига айтишича, маросимда Ўзбекистон томонидан генерал-майор Алишер Собиров, АҚШ томонидан полковник Мак Ковер иштирок этган. Полковник генералга АҚШнинг миннатдорлик сўзлари битилган ёрлиғи ва байроғини тақдим қилган.

АҚШ ҳарбий контингенти Хонобод аэродромига 2001 йилда Афғонистонда аксилтеррор урушлар чоғида жойлаштирилган эди. Ўшанда Ўзбекистон АҚШ билан стратегик шериклик ҳақидаги шартномани имзолаган ҳамда аэродромдан инсонпарварлик юклари ташиш, жанговар операциялар чоғида Афғонистонда қидирув-қутқарув тадбирлари ўтказишда фойдаланишга рухсат берганди.

“Биз АҚШ билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Айрим шўро давлатлари ҳар хил миш-мишлар тарқатмоқда. Биз аксилтеррор ҳаракатларда АҚШ билан бирга бўлиб, унга ўз аэродромимизни берганимизда гўё АҚШ бизга 8 миллиард доллар ажратди, қабилидаги ҳар хил иғвогарона гаплар пайдо бўлди. Бир гапни айтиб қўймоқчиман, бизни бизга ажратиладиган маблағлар эмас, узоқ муддатли ҳамкорлик қизиқтиради”, - деган эди Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Олий Мажлиснинг 2002 йил апрелдаги 8-сессиясида.

Аммо бу ҳамкорлик президент истаганидек узоқ муддатли бўлмади. Икки мамлакат ўртасидаги алоқалар совий бошлаши Хонобод аэродроми масаласини ҳам кун тартибига чиқарди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 2005 йил 5 июлда Остона шаҳрида қабул қилинган декларациясида бу ҳарбий контингентни сақлаб туришнинг якуний муддатларини аниқлаштириш зарурлиги қайд этилди. Орадан кўп ўтмай Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бу ҳақда баёнот берди. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати эса масалага якуний нуқта қўйди.

Сенат раиси ўринбосари Фарруха Муҳиддинова АҚШ ҳарбий контингентининг Хонободда бўлиши Ўзбекистоннинг ички ва ташқи хавфсизлигига таҳдид солаётганини таъкидлаган эди. Сенатор “ички хавф” сифатида Хонобод қишлоғида яшовчи аҳолининг соғлиғи ва экологияга етказилаётган зарарни санаб ўтган бўлса, “ҳар қандай ҳудудда ҳарбий база пайдо бўлса, уни йўқ қилишга қаратилган кучлар ҳам юзага келиши”ни “ташқи хавф” сирасига қўшди.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ўзбекистоннинг АҚШ билан “узоқ муддатли ҳамкорлиги” унча узоққа чўзилмаганини Андижон воқеалари призмасида кўриш кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Андижон воқеаларини халқаро комиссия иштирокида текшириш талаби Ўзбекистонни Ғарб давлатлари, жумладан, АҚШдан юз ўгиришга ундаган.
XS
SM
MD
LG