Линклар

ЕТТБ Ўзбекистон халқи учун керак

  • Замира Шукур

Душанба куни Ўзбекистондаги сиëсий вазиятнинг ëмонлашиб бораëтгани муносабати билан Европа тикланиш ва тараққиëт банки мамлакатдаги барча лойиҳаларини ëпиш масаласини муҳокама қилаëтгани ҳақида хабар тарқалди.

“Ройтер” ахборот агентлиги хабарида айтилишича, банкнинг бизнес тараққиëти бўлими раҳбари Бруно Балванера Ўзбекистонда сиëсий иқлимнинг тобора оғирлашгани, иқтисодий ислоҳотларнинг эса турғунликка учрагани боис, банк фаолияти ҳам ниҳоятда торайиб қолганини таъкидлаган.

ЕТТБнинг Лондондаги бош қароргоҳида ишловчи ўз исмини ошкор этишни истамаган расмий “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Бруно Балванерани “банкнинг Ўзбекистондаги фаолиятидан бехабар кимса” сифатида таърифлади ва “Ройтер” хабарини асоссиз дея баҳолади.

“ЕТТБ акциядорлари Ўзбекистонга нисбатан ëндашувни муҳокама қилгани ҳам, ўзгартиргани ҳам йўқ. Сиëсатимиз бошқарувчилар кенгашининг июль ойидаги қароридан бери ўзгаришсиз қолмоқда”, - деди банк расмийси.

Шу йилнинг июль ойида, Андижон воқеаларидан 1,5 ой ўтиб, Европа Иттифоқи Ўзбекистонга жазо чоралари қўллашни муҳокама этаëтган бир пайтда ЕТТБ ҳам бевосита Ўзбекистон ҳукумати билан боғлиқ лойиҳаларни маблағ билан таъминлашни тўхтатган, аммо атроф-муҳит ҳимояси, кичик ва ўрта бизнесни рағбатлантиришга қаратилган лойиҳалар чекланган кўламда давом этишини маълум қилган эди.

Банкнинг Ўзбекистон ҳукумати билан муносабатларидаги совуқчилик эса 2003 йил май ойида банкнинг Тошкентда бўлиб ўтган саммитидан бошланган. Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини кескин танқид қилган ва уни яхшилаш учун аниқ шартлар қўйган мазкур банк шундан сўнг президент Ислом Каримов қаҳрига учраган эди.

“Ўз устига ҳаддан ортиқ ваколат олаëтган Европа банки иқтисодий-молиявий манфаатларни кўзловчи банкми ëки инсон ҳуқуқлари ташкилотими”, - деган деган эди И.Каримов Тошкент саммитидан сўнг.

2003 йилги саммит арафасида қўйилган сиëсий шартлари И.Каримов томонидан рад этилгач, 2004 йил апрелда ЕТТБ ҳукумат билан ҳамкорликни камайтиришга қарор қилган эди. Андижон воқеаларидан сўнг эса И.Каримов режимига маблағ ажратишни буткул тўхтатганди.

Бундай ëндашув халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари олқишига сазовор бўлмай қолмади, албатта. Банкнинг Ўзбекистондаги ўз фаолиятини буткул тўхтатиш фикридан ҳозирча йироқлиги ҳақидаги баëнотга муносабат билдирган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан айримлари бундай ëндашув тўғри эканини эътироф қилди.

“Ҳўлу қуруқни баравар ëндиришдан оддий ўзбекистонликларга кўпроқ зиëн етади. Шу боис, банк оддий фуқароларга кичик бўлсин молиявий таянч беришни давом эттириши керак”, - дейди банклар фаолиятида инсон ҳуқуқлари меъёрлари ижросини кузатувчи нодавлат ташкилот вакили Алексей Пасюк.




Унинг сўзларига кўра, ташкилоти ЕТТБнинг Ўзбекистон ҳукуматига маблағ беришни тўхтатганидан мамнун. Айни пайтда банкнинг Ўзбекистонда қолиб, кичик ва ўрта бизнесга ëрдам кўрсатишни давом эттириш лозимлигини ҳам тушунади. Зеро, фақат шундай усул билан оддий ўзбекистонликлар ҳаëтига нимадир олиб кириш мумкин бўлади.
XS
SM
MD
LG