Линклар

Ғалати босқинчилик


Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида “Отан” партияси ва “Желтўқсан” ҳаракати офисларига босқинчилик бўлди. Партия ва ҳаракат етакчилари босқинчилик сиёсий мақсадларда амалга оширилган, деб ҳисобламоқда.

Полиция хабарига кўра, ҳар икки ҳужум бир тунда, 20 ноябрь куни уюштирилган. Ниқоб кийган тўрт номаълум кимса офис қоровулларини уриб, оёқ-қўлини боғлаган ва ичкарига кирган.

“Желтўқсан” ватанпарварлик ҳаракати раисдоши Зиёдин Исабековнинг "Озодлик" радиосига билдиришича, бу ҳужум сиёсий мақсадларни кўзлаб амалга оширилган. Чунки босқинчилар ҳеч нарса ўғирламаган. Фақат эшикларни ва сейфни бузган.

З.Исабеков босқинчилар ҳужжат қидирганини таъкидлади.

"Олмаотада 16 ноябрь куни “желтўқсан”чиларнинг биринчи қурултойи бўлиб ўтди. Қурултойда мен ўша ҳужжатлар ҳақида гапиргандим. Бу ҳужжатларда 1986 йилнинг декабрь ойи воқеалари бўйича далиллар мавжуд. Далиллар эса айни пайтдаги мухолифат лидерларининг аниқ башарасини очиб беради. Ўша вақтда Жармахон Туяқбой “желтўқсан"чиларга қарши давлат айбловчиси сифатида қатнашганди. Биз собиқ иттифоқ даврида биринчи бўлиб демократик ташкилот тузгандик. Ўшанда бизга қарши бўлганлар бугун ўзини ҳақиқий демократ сифатида кўрсатмоқда”, - деди З.Исабеков.

Маълум бўлишича, З.Исабеков назарда тутган бу ҳужжатлар бошқа жойда сақланган.

Kazakhstan today ахборот агентлиги маълумотига кўра, “Отан” партияси раҳбарияти ҳам офис биносига бостириб кириш сиёсий мақсадларни кўзлаб амалга оширилган, деган фикрда. Қолаверса, бу жиноят сайлов арафасида содир этилгани унинг сиёсий кўринишда эканини исботлайди, деган партия вакиллари.

Айни пайтда полиция содир этилган жиноятлар юзасидан суриштирув ишлари олиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG