Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:46

Афғонистон фармацевтика саноати учун кўкнори етиштириши керак


Душанба куни Лондонда Афғонистонда наркотиклар ишлаб чиқарилишига оид анжуман бўлиб ўтди. Унда қатнашган “Senlis Council” ташкилоти вакиллари Афғонистон ҳукумати наркотиклар етиштирилишига қарши ҳозирги самарасиз дастуридан воз кечиб, ўрнига фармацевтика саноати учун мамлакатда кўкнори етиштиришни қонунийлартириш таклифини ўртага ташлади. Анжуманни кузатган Озодлик мухбири Ян Юннинг хабар беришича, бундай чора Афғонистон ҳукумати учун ҳаво ва сувдек зарур бўлган хорижий валюта киримини кўпайтириш баробарида деҳқонлар моддий шароитини ҳам яхшилашга ёрдам беради.

Маълумотларга кўра, Афғонистонда наркотиклар савдосидан олинган фойда мамлакат ялпи даромадининг тахминан 60 фоизини ташкил этади. Кузатувчилар фикрича, ана шундай катта даромад келтирувчи кўкнори ўстирилишини мамлакат миқёсида таъқиқлаш ва уни самарали амалга тадбиқ этиш имконсиз. Наркотиклар масалалари билан шуғулланувчи “Senlis Council” халқаро ташкилоти раҳбари Эммануэл Рейнерт ҳам бу фикрга қўшилади.

БМТ ҳисоботига кўра, агар зарурий чоралар кўрилмаса, Афғонистон нарко-давлатга айланиб, уни наркобаронлар бошқариши мумкин.

“Senlis Council” ташкилоти вакилларига кўра, бундай нохуш вазиятнинг олдини олиш мумкин. Бунинг учун Афғонистонда кўкнорининг фармацевтика саноати учун режага асосан ўстирилишини қонунийлаштирш лозим.

“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТ қошидаги Наркотикларни назорат қилиш халқаро қўмитаси маълумотига кўра, дунёда морфий ва кодеин моддалари етишмайди, яъни бундай моддаларга эҳтиёж катта. Ҳозирда 80 фоиз дунё аҳолисидан атиги олти фоизи бундай моддани олиш имкониятига эга бўлмоқда. Ана шу назарга олинса, Афғонистон морфийси ва кодеинига дунёда талаб катта бўлади”, – дейди Эммануэл Рейнерт.

Британиялик ташкилот мутахассислари хисоб-китобига кўра, агар Кобул расмийлари кўкнори ўстиришни қонунийлаштирса, Афғонистон дунё фармацевтика саноатининг кўкнорига бўлган эҳтиёжининг 87 фоизини қондириши мумкин.

Анжуманда сўзга чиққан Интерполнинг фахрий бош котиби Реймодн Кендаллга кўра, Афғонистонда кўкнори ўстирилишининг таъқиқланиши баъзи вилоятларда салбий натижа берган. Мутахассис фикрича, агар Афғонистонда кўкнори ўстиришга расман рухсат берилса ва уни назорат қилиш ишларига жирға ва шўро каби маҳаллий ҳокимият тизимлари ҳам жалб этилса, бу мамлакатдаги вазиятнинг сезиларли яхшиланишига олиб келиши мумкин.

“Хавфсизлик ҳақида гапирганда, Ал-Қайданинг асосий муаммо экани, Афғонистонга мужохидлар махсус тайёргарликдан ўтиш учун боришларини яхши биламиз. Бу шароит ўзгармас экан, кўкнори ноқонуний етиштирилаётган бу мамлакатда экстремизм тахдиди ошиб бораверади”, – дейди Интерпол фахрий бош котиби.

Иқтидордаги Меҳнат партиясидан Британия парламенти аъзоси Пол Флинн Афғонистонда кўкнори ўстириш қонунийлаштирилишини қўллаб-қувватлашини билдирди. Унга кўра, ҳозир Афғонистонда амалга оширилаётган Наркотикларга қарши кураш дастури жуда қиммат ва самарасиз.

Флиннинг маълум қилишича, Британия ҳукумати Афғонистонда наркотикларга қарши кураш дастури учун 200 миллион доллар маблағ сарфлаган. Бунинг натижасида наркотиклар етиштириш атиги икки фоизга камайган холос.

Айни пайтда, Пол Флинн “Senlis Council” ташкилоти таклифи самара беришига ишонишини ва уни қўллаб-қувватлашини айтади:

“Бу самара берувчи ягона таклиф. Нима учун Афғонистонда кўкнори ўстириш ва уни дунё бозорларида сотиш қонунийлаштирилмайди? Бундай чора кўришдан маъно бор. Ҳозиргача бундан яхши таклиф бўлгани йўқ”.
XS
SM
MD
LG