Линклар

Асаларичиларнинг муаммолари ҳам ўзига етарли


Саида Фарғона шаҳрида асаларичилик халқаро кўргазмаси очилди. Тўрт йилдан буён ўтказиб келинаётган ушбу кўргазмада Ўзбекистондан ташқари Қирғизистон ва Тожикистон асаларичилари ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.

Шу билан бирга, Наманган ва Андижон шаҳарларида ҳам маҳаллий асаларичилар маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилмоқда

Маълум бўлишича, сўнгги вақтларда асаларичиликда инқироз кутазилмоқда. Биргина Фарғона вилоятида бундан 15 йил аввал 10-11 минг асаларичи фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирга келиб улар сони 500 тага тушиб қолган. Фарғоналик асаларичилар ёз ва баҳорда асалариларини чегарадош мамлакатларнинг тоғли ҳудудларига олиб бориб, тўйинтириб қайтади. Аммо кейинги пайтларда чегарадаги муаммолар туфайли асаларичилар жиддий тўсиқларга дус келяпти.

Фарғоналик Зумрадхон Ҳожиболаеванинг айтишича, оиласи айни шу муаммолар сабабли асаларичилик билан шуғулланишни бас қилган. Илгари улар асалариларини Ўзганга, Арслонбоб тоғларига олиб борарди. Ҳозир бунинг имкони йўқ.

Божхона тўловлари юқорилиги, чегара постларидан ўтишдаги тўсқинликлар ҳам маҳаллий асаларичилар ишига халақит беряпти. Маҳаллий асаларичилар пахта гуллагунга қадар асалариларни Тожикистон ёки Қирғизистон тоғларига олиб чиқади. Ўзбекистонга қайтиб киришда эса улар асалариларга тайёр маҳсулот сифатида бож тўлашга мажбур бўляпти. Бож қиймати эса маҳаллий асаларичилар маҳсулотлари учун ҳам, хорижийлар учун ҳам бир хилдир. Бу эса маҳаллий асаларичиларни ўз маҳсулотларини асалари қутисидан олмасдан мамлакатга қайтариб киришга ундаяпти. Натижада асаларилардан 2-3 марта асал олиш ўрнига, бир марта олиняпти.

Хабарларга кўра, бу каби масалалар халқаро кўргазма доирасида Фарғона вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган асаларичилар форумида муҳокама қилинган.

Маҳаллий аҳоли вакиллари сўзларига қараганда, халқаро кўргазмада сотилаётган асал сифатили ва нархи бозордагидан бирмунча арзон. Шундай бўлса-да, харидор кам.
XS
SM
MD
LG