Линклар

Буюк Британия Тошкентдаги консулхонасини вақтинча ёпди


Шайбон Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси консуллик бўлими ўз фаолиятини вақтинча тўхтатди. Маълум бўлишича, хавфсизлик нуқтаи назаридан шундай қарорга келинган.

Элчихона матбуот хизмати вакили Леонид Кудрявцевнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, Тошкент шаҳри ҳокимлиги ободонлаштириш ишлари олиб борилиши сабабли элчихона атрофида хавфсизлик мақсадида ўрнатилган бетон тўсиқларни олиб ташлаган. Бу эса хавфсизлик чораларининг сусайишига олиб келган.

“Шу сабабли элчихона консуллик бўлими фаолиятини вақтинча тўхтатишга қарор қилди. Қолаверса, консуллик бўлимига виза сўраб келаётган фуқаролар хавфсизлигини ўйлаб, шундай қилишга мажбур бўлдик”, - деди Л.Кудрявцев.

Буюк Британия элчихонаси ўзбекистонликлар виза сўраб энг кўп мурожаат қиладиган диломатик идоралардан бири. Шу боис, консуллик бўлими ўз фаолиятини вақтинча тўхтатгани кўпчиликда ташвиш уйғотди.

Л.Кудрявцевнинг билдиришича, қўшимча хавфсизлик чоралари кўрилмагунча консуллик бўлими фаолият юритмайди. Ҳозир бу масала ўрганилмоқда ва маҳаллий расмийлар билан музокаралар олиб бориляпти. Унгача эса фуқаролар виза масаласида Буюк Британиянинг Олмаота ёки Москвадаги консулхоналарига мурожаат қилиши мумкин.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокиров Тошкент шаҳри ҳокимлигининг элчихона олдидани бетон тўсиқларни олиб ташлашида ҳеч қандай ноқонунийлик йўқлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, элчихона ҳудуди ва унга тегишли бинолар дахлсизлик мақомига эга бўлса-да, унинг атрофидаги йўллар, иншоотлар ва объектлар шаҳар ҳокимлигига қарашлидир.

“Агар ҳокимлик у ерда ободонлаштириш ишлари олиб бораётган бўлса, биз элчихона фаолиятига халақит берувчи бирор аралашув ёки ноқонуний ҳаракатларни кўрмаяпмиз. Қолаверса, ҳокимлик қилинажак ишлар тўғрисида элчихонани аввалдан огоҳлантирган”, - деди И.Зокиров.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги вакили ҳам қилинажак ишлардан элчихона огоҳлантирилгани ва бу борада келишиб олинганини маълум қилди. Унинг айтишича, айни пайтда ҳар икки томоннинг ҳам иши тўхтаб қолмаслиги учун қўшимча чоралар ўйланмоқда.
XS
SM
MD
LG