Линклар

“Фуқаровий кўмак” ёрдамга шошиляпти


Басира Новосибирск вилоятида Андижон воқеаларига алоқадор сифатида ўзбекистонлик икки фуқаро ҳибсга олингани муносабати билан Москвадаги “Фуқаровий кўмак” қўмитаси Россия Бош прокурорига мактуб йўллади.

Қўмита раҳбари Светлана Ганнушкина Абдуқодир ва Абдуносир Асқаровларнинг Андижон воқеаларига алоқадорлиги ҳақида унинг ташкилотида маълумот йўқлигини қайд этиб, Бош прокурордан уларни Ўзбекистонга экстрадиция қилмасликни сўраган.

Қўмита ходимаси Елена Рябинина “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу хат матбуотда эълон қилиниши сабабларига тўхталди.

“Агар бу иш ошкор этилмаганда, балки Ўзбекистон фуқаролари аллақачон экстрадиция қилинган бўларди. Биз Россия Бош прокурори Владимир Устинов номига кўплаб хатлар йўллаганмиз. Бироқ улар самарасиз бўлган. Шу боис, ҳозирги вазиятда Асқаровларга тезроқ ёрдам бериш мақсадида биз хатни матбуот орқали эълон қилдик”, - деди Е.Рябинина.

Е.Рябинина фикрича, Россия ака-ука Асқаровларни Ўзбекистонга бермаслиги керак. Чунки инсон ҳуқуқлари ва эркинлиги тўғрисидаги халқаро конвенция қийноқлар, адолатсиз суд ва ўлим жазоси мавжуд мамлакатларга айбланувчиларни беришни маън этади. Ўзбекистон эса шундай мамлакат ҳисобланади.

Бош прокурор номига йўлланган хатда Тошкентда Андижон воқеаларига фаол иштирок этишда айбланган 15 фуқаро устидан яқинда ниҳояланган суд жараёни Ўзбекистонда қонуний текширув ва мустақил суд йўқлигини кўрсатгани, мамлакатда қийноқлар ва қатллар борлиги БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Луиза Арбур ва Қочқинлар иши бўйича олий комиссари Антонио Гутерриш томонидан таъкидланаётгани айтилади.

Маълумотларга кўра, давлатлараро қидирувда бўлган ака-ука Асқаровлар Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланган. Улар терроризмда айбланмоқда. Новосибирск вилоятидаги тергов изоляторида сақланаётган Асқаровларнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши кутиляпти.
XS
SM
MD
LG