Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:13

Жиззахда ҳуқуқ ҳимоячиси калтакланди


“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раҳбари Жамшид Мухторов кечқурун соат 22 ларда ўз уйи олдида номаълум шахслар томонидан калтаклаб кетилди.

Ж.Мухторовнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, номаълум кимсалар унинг бошига қаттиқ жисм билан урган ва у ўзини йўқотган. Ҳужум қилувчилар уни ҳушидан кетгандан кейин ҳам калтаклаган. Жиноятчилар тахминан уч киши бўлган. Улар қоронғудан туриб ҳужум қилгани учун сонини аниқ билмайди.

Ж.Мухторов маҳаллий ҳокимият идоралари томонидан унга инсон ҳуқуқлари бўйича фаолиятини тўхтатиш ҳақида илгари бир неча бор таҳдидлар қилинганини билдирди.

Жиззахлик мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаровнинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда вилоятда инсон ҳуқуқи ҳимоячиларини калтаклаш ҳоллари кўпайиб бормоқда. Жумладан, Бахтиёр Ҳамроевнинг уйига бостириб кирилган, Пўлат Пардаев калтакланган. “Эзгулик”нинг вилоят бўлими аъзоларидан тўрт киши дўппосланган.

У.Ҳайдаров Ж.Мухторовнинг калтакланиши унинг инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатидаги фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Бироқ “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова Ж.Мухторовнинг калтакланиши фақат унинг шахсий муаммолари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

“У илгари калтакланганида бориб суриштирганимда ҳам бошқа бир сабаблар чиқиб қолган эди. Шунинг учун Ж.Мухторов “Эзгулик”чи бўлгани учун калтакланди, деб айта олмайман”, - деди В.Иноятова.

В.Иноятованинг билдиришича, 23 ноябрдан бошлаб Ж.Мухторов “Эзгулик” жамияти аъзолигидан чиқарилган. Ж.Мухторовга бўлим фаолиятини оёққа турғазиш, унга тегишли мол-мулкни аввалги раисдан олиш учун 10 кун муддатга ваколат берилган эди. Аммо у бу топшириқларни бажармаган.

В.Иноятова шу ҳолатларни инобатга олиб, жамиятнинг Жиззах вилояти бўлимини ёпиш учун Жиззах шаҳри фуқаролик судига мурожаат этиш ниятида эканини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG