Линклар

Бадиий академия қандай яшамоқда?


Дилнаво 2002 йил февраль ойида ишни бошлаган Янги санъат - визуал пластик антропология маркази 22 ноябрь куни расман ёпилди. Бу марказда ёзувчи, шоир ва рассомлар эркин ижодий фаолият олиб борар эди.

Марказ ёпилмасидан аввал унинг аъзоси рассом Вячеслав Охуновнинг Ўзбекистон Бадиий академиясига эътирозлари “Фергана.ру” сайтида эълон қилинган эди.

Шундан кейин Бадиий академия бу эътирозга раддия бериб, “Фергана.ру”ни фактларни қалбакилаштиришга айблади.

“...(“Фергана.ру”да эълон қилинган) мақолада Ўзбекистон санъати, замонавий санъат тақдири, унга расмий доиранинг муносабати, расмий доиранинг баъзи рассомларга бўлган муносабати борасида келтирилган фактлар хақиқатга тўғри келмайди”, - дейилади раддияда.

Раддияда рассом В.Охуновнинг ўз асарлари кўргазмалардан олиб ташлангани ва Бадиий академия раҳбари Турсунали Қўзиев ҳақидаги кескин фикрлари хусусида ҳам тўхтаб ўтилган. Унда В.Охуновга қарата: “Сиз, юмшоқ қилиб айтганда, муғомбирона, қўпол туҳмат қиляпсиз!” - дейилади.

В.Охунов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Янги санъат - визуал пластик антропология маркази ёпилиши ва эълон қилинган раддия бир-бирига боғлиқ эканини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, Т.Қўзиевга нисбатан ҳеч қандай шахсий адовати йўқ.

“Рассом сифатида эса унинг хатти-ҳаракатидан кулгим келади. Рассомларга нима қилиш-қилмасликни буюриб туриши, албатта, ажабланарли ҳол. Аммо Ўзбекистон санъати хақида сўз борганда кулгига ўрин йўқ. Ҳатто рассомларнинг иккинчи авлоди ҳам шу тизимда тарбияланишга улгурди. Уларга берилаётган сабоқ эскиб кетган. Ёш ижодкорлар олган илмлари билан хеч қаерга бора олмайди. Чунки Ўзбекистонда уларнинг меҳнатига талаб йўқ. Улар ҳеч кимга керак эмас, ҳатто давлатга ҳам”, - деди В.Охунов.

Т.Қўзиев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда “Фергана.ру”да эълон қилинган раддиядан хабари йўқлигини билдирди.

“Бу одам (В.Охунов) нима мақсадда юрибди, нима учун бундай гаплар қиляпти, ҳар кимнинг виждонига ҳавола. Унинг асарларини биз кўргазмалардан олмаганмиз”, - деди Т.Қўзиев.

Ўз исмини ошкор этишни истамаган манба Т.Қўзиев “бадиий маълумотга эга эмаслиги, тасвирий санъатга алоқаси йўқлиги, шу кунга қадар Бадиий академия мол-мулкини талон-тарож қилиб келаётгани, давлатники қолиб, шахсий мулкка ҳам эга чиққани, масалан, рассом Омон Азизовнинг устахонасини ўзлаштиргани”ни таъкидлади.

Т.Қўзиев бу гапларга муносабат билдириб: “Тафаккур шунақа маълум даражага етиб қолган бўлса хоҳлаган одам ҳақида истаган фикр айтиш мумкин. Бошқа гапни айтишни ўринли ҳисобламайман”, - деди.

Юқоридаги манба Т.Қўзиев В.Охуновдан ташқари ўз фикрини эркин ифодалайдиган бошқа ижодкорларга ҳам чоралар кўрганини таъкидлайди.

Т.Қўзиевнинг сўзларига кўра, бадиий ижодкорлар уюшмасининг ўз низоми ва унга амал қилмаганларни аъзоликдан чиқариш учун ҳуқуқий мезонлари бор. Кимлардир аъзоликдан чиқарилган бўлса, бу унинг шахсий иши эмас, балки коллегиал қарордир.

Санъатшунос Гулсара Бобожонованинг фикрича, Бадиий академиядаги мавжуд вазият унинг нуфузига ижобий таъсир этмайди. Зеро, ижодкор ўз фикрини эркин ифодалашга ҳақли. Уни чеклаш эса хатодир.
XS
SM
MD
LG