Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:53

Танловлардан самара борми?


Шайбон Андижондаги “Дийдор” радиоси доимий рукни бўлмиш “Жума сабоқлари” эшиттиришини эфирга узатишни тўхтатди. Тингловчилар радио маҳаллий ҳокимлик талаби билан шундай қарорга келганини айтмоқда.

“Жума сабоқлари” эшиттиришида Андижон масжидлари имом хатиблари чиқиш қилиб, диний сабоқлар бериб борарди.

“Дийдор” радиоси раҳбарларидан бири “Озодлик” мухбирига “Жума сабоқлари” эшиттириши тугатилмагани, у янги кўринишда тайёрланаётганини маълум қилди.

“Илгари ҳокимлик тайёрлаган график асосида имомлар навбат билан эфирга чиқарди. Лекин бу ҳолат бизни қониқтирмади. Улар орасида эфир савиясига эгалари ва эга эмаслари бор. Шунинг учун эшиттиришни кимнидир буйруғи билан эмас, ўзимиз тўхтатдик. Биз илмли уламолар иштирокида янги эшиттириш тайёрлаяпмиз”, - деди суҳбатдош.

Андижондаги радио ходимлари янги дастур яратиш устида иш олиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати маҳаллий ижодкорлар ўртасида махсус танлов эълон қилди. “Ватан ягонасан дилимда доим” номли ушбу танлов мамлакат Қуролли кучларининг 14 йиллиги арафасида ташкил этилди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Раҳимжон Нурназаровнинг сўзларига кўра, танловдан асосий мақсад ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишига жалб этишдир.

Танловда биринчи ўринни эгаллаган ижодкорга 200 минг сўм, иккинчи ўринга 75 минг сўм, учинчи ўрин эгаси эса 50 минг сўм мукофот олади.
Гран-при соҳибларига эса рангли телевизор ва компьютер тақдим этилади.

Маҳаллий журналист Абдураҳмон Ташановнинг таъкидлашича, аксарият журналистлар бу каби танловларда ўз ташаббуси билан иштирок этмайди. Қолаверса, бу каби кўп сонли танловлар билан ёшларда ватанга меҳр уйғотиб ёки улар онггига таъсир этиб бўлганида Ўзбекистон анча катта довонларни забт этган бўларди. Афсуски, улар кампаниябозликдан бошқа нарса эмас.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг фикрича, бу каби танловлар эски совет даври асоратидир. Бундай тадбирлардан самара кутиш қийин. Бундан ташқари, айни танловлар уларни ташкил этаётган ташкилотлар манфаатини кўзловчи материал, кўрсатув ёки эшиттириш тайёрлашга мажбур қилишга ўхшайди.
XS
SM
MD
LG