Линклар

logo-print

Халқаро кўргазма кўпчиликнинг умидини оқламади


Феруза Тошкентдаги “Интерконтинентал” меҳмонхонасида озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги халқаро кўргазмаси давом этмоқда. Унда 12 мамлакатдан 36 компания қатнашяпти.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда бу соҳага ихтисослашган фирма, компания ва ташкилотлар кўп бўлса-да, уларнинг кўргазмада иштироки камлиги эътиборни тортади.

Бу ҳолатни АҚШнинг TNT productions.Inc компанияси МДҲ мамлакатлари ваколатхонаси директори ўринбосари Геннадий Дяконов ҳам тасдиқлади. Унинг айтишича, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар учун бир неча имтиёзлар яратиб берилганига қарамай, кўргазмада маҳаллий вакиллар иштироки суст.

“Эҳтимолки, бундай халқаро кўргазмада қатнашиш учун маблағ тўлашга уларнинг қурби етавермаса керак. Шу сабаб ҳам кўргазмалар баъзан биз кутгандек кенг миқёсли бўлмайди. Ҳолбуки, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар кўргазмадаги иштироки учун бошқаларга қараганда 1,5-2 баравар кам маблағ тўлайди. Шунга қарамай, негадир маҳаллий бизнес вакилларининг иштироки суст бўляпти”, - деди Г.Дяконов.

Кўргазма гарчи озиқ-овқат саноати соҳасига йўналтирилган бўлса-да, унда озиқ-овқат маҳсулотлари намуналари ва йирик ишлаб чиқарувчилар жуда кам. Қолаверса, намойиш этилаётган қишлоқ хўжалик техникаси ва технологиялари, озиқ-овқат технологияси соҳибларининг ҳам аксарияти россияликдир.

“Ростсельмаш” очиқ акциядорлик компанияси экспорт бўйича директори Эльмар Агаев Россия компанияларининг кўргазмадаги фаол иштироки бевосита сиёсат билан боғлиқлигини таъкидлади.

“Комбайнлар сотиш бу шунчаки бизнес эмас, балки сиёсат билан чамбарчас боғлиқ иш. Россия ва Ўзбекистон президентларининг ўзаро учрашувларида озиқ-овқат саноатидаги ҳамкорлик бекорга тилга олинмади. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг янги даври бошланганини англатади”, - деди Э.Агаев.

Кўргазмада қатнашаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар мамлакатдаги озиқ-овқат саноати ва ундаги ютуқ-камчиликлар ҳақида негадир “Озодлик” радиосига фикр билдиришни истамади.

Тошкент вилояти қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази раҳбари Аъзамхўжа Акрамов халқаро кўргазмага сабзавот ва полиз экинларини минерал ўғитларсиз, экологик тоза етиштириш юзасидан таклиф билан келганини билдирди.

Унинг қўшимча қилишича, бундай кўргазмаларга ўзбек фермерлари деярли иштирок этмаслигига сабаб тадбирга қатнашгунга қадар мавжуд ҳаддан кўп муаммоларидир. Бундай муаммоларни фермерларнинг ўзи тўғридан-тўғри ҳал этишга қодир эмас.

Маҳаллий аҳоли вакиллари кўргазмага бу ерда намойиш этилаётган маҳсулотлар нархи арзон бўлишидан умид қилиб келгани, лекин аҳволни кўриб, ҳафсаласи пир бўлганини билдирди.
XS
SM
MD
LG