Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:46

“Копток” Каримовда, у қандай “ўйнайди”?


22 ноябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 3-қўмитаси Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятига оид резолюцияни қабул қилди. Мазкур ҳужжатда Ўзбекистоннинг бу борадаги сиёсати танқид қилинади.

Резолюция лойиҳаси айни пайтда Европа Иттифоқига раислик қилаëтган Буюк Британия томонидан бундан икки ҳафта муқаддам тақдим этилган эди. 3-қўмитада бўлиб ўтган мубоҳасалардан кейин Ислом Каримов режимидан бир қанча аниқ ҳаракатлар ижросини талаб қилувчи резолюция қабул қилинди. БМТнинг 73 аъзоси ҳужжатни ёқлаб овоз берди, 38 давлат қарши чиқди, 58 мамлакат делегацияси эса бетараф қолди.

Мазкур резолюцияни Андижондаги 13 май қирғини ва И.Каримов ҳукуматининг ўшандан буён олиб бораётган ички сиёсатига берилган баҳо сифатида қабул қилиш мумкин. Ҳужжатда нафақат Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти қоралади, балки И.Каримовдан Андижон воқеалари бўйича халқаро мустақил текширув ўтказишга рухсат бериш жиддий равишда талаб қилинади.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги матбуот вакили Хосе Луис Диаз резолюция қабул қилинишини муҳим воқеа ўлароқ баҳолади.

“БМТ Бош Ассамблеяси қандайдир резолюция қабул қилиши, албатта, аҳамиятга молик ҳодиса. Ўзбекистон бўйича қабул қилинган резолюция ҳам бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари, айниқса, Андижон воқеаларига халқаро эътиборни яна бир бор қаратгани билан муҳимдир”, - деди Диаз.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари топталаётганига дунë эътиборини тортишга урингани учун вазифасидан айрилган Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей резолюция қабул қилинганидан мамнунлигини яширмади.

“Албатта, бу резолюция туфайли Каримов истеъфога чиқмайди. Аммо резолюция қабул қилиниши аксарият мамлакатлар Каримовнинг халққа қарши сиëсатини қўлламаслигини кўрсатади. Диққатга сазовор жойи шундаки, бу ҳужжатни ëқлаб фақат ривожланган давлатлар эмас, балки кўплаб ривожланаëтган мамлакатлар ҳам овоз берди. Бу эса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараëнидаги ижобий жиҳатдир”, - деди собиқ элчи.

Резолюцияни ёқлаган 73 давлат орасида Европа Иттифоқига кириш жараёнига қўшилган давлатлардан ташқари Туркия, Грузия, Молдова, Перу ва Уругвай каби давлатлар ҳам бор.

Қаршилар қаторида эса Ўзбекистоннинг ўзидан бошқа унинг Афғонистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистон каби қўшнилари, И.Каримовнинг Россия ва Хитой каби янги иттифоқчилари, халқаро ҳамжамияти билан ораси бузилиб, масаласи БМТда кўрилиши кутилаётган Эрон, шунингдек, Саудия Арабистони каби бир неча мусулмон давлатлари турибди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги собиқ элчиси Бобур Маликовнинг сўзларига кўра, қарши овоз берганларнинг барчаси инсон ҳуқуқлари ҳақида гап кетганда оëғи қалтировчи ҳукуматлардир.

Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Алишер Воҳидов резолюция ЕИ томонидан сиëсий сабабларга кўра киритилганини, бу каби ҳаракатлар “Ўзбекистондаги демократия ëки инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳақиқий хавотирдан мутлақ йироқ”лигини таъкидлади. У Андижон воқеалари бегуноҳ фуқаролар эмас, балки яхши қуролланган, уюшган террорчилар иши эканини қайд этиб, резолюцияни “ишончли фактларга асосланмаган ва давлатнинг ўз ҳудудида конституциявий тартибни сақлаш имконига тўсиқ бўлувчи уриниш”, дея атади.

БМТ расмийси Хосе Луис Диаз бундай танқидларга муносабат билдириб, халқаро ҳамжамиятнинг Андижондаги воқеаларга ойдинлик киритишга уринишларига айнан И.Каримов ҳукумати йўл бермаганини айтди.

“Резолюцияга киритилган хавотирлар ҳақида биз олти ойдан бери гапириб келдик. Андижонда нималар бўлди, уни уюштиришда айбланганлар ким, улар қандай суд қилинди? Тошкент ҳукумати бу саволларимизнинг барини жавобсиз қолдириб келмоқда”, - деди Диаз.

Собиқ элчи Крейг Мюррей эса Ўзбекистон расмийларида демократия ва инсон ҳуқуқлари борасида “сафсата сўқиш учун на билим, на маънавий ҳуқуқи борлиги”ни айтди.

“Шахсан мен Ўзбекистон ҳукуматининг демократия ва инсон ҳуқуқлари ҳақида оғиз очишгаям ҳаққи йўқ, деган ишончдаман. Ҳокимиятга келгандан бери асосий иши фуқароларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликларини топташ бўлаëтган ҳукумат демократияни қаердан билсину, инсон ҳуқуқлари нима эканини қайси тажрибасидан гапирсин”, - дейди Мюррей.

БМТ расмийси Диазнинг таъкидлашича, резолюция Ўзбекистон ҳукуматини айрим конкрет ҳаракатларга даъват қилади. Улар орасида нафақат Андижон воқеалари бўйича халқаро текширувга рухсат бериш, балки диний эркинликларни таъминлаш, мустақил сиëсий мухолифат партияларини рўйхатга олиш ва уларнинг сайловлардаги иштирокига йўл бериш, фуқаролик жамияти, хусусан, ноҳукумат ташкилотлари фаолиятига чекловларни бекор қилиш бор. БМТ бу тавсияларнинг қанчалик бажарилишини яқиндан кузатади ва Ўзбекистондаги вазиятнинг бундан сўнг ҳам халқаро ҳамжамият эътиборидан четда қолмаслигини таъминлашга уринади.

Демак, бу ëғига халқаро ҳамжамият Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатишда давом этади ва мамлакатнинг кейинги ҳаракатлари қандай бўлишини энди жаноб Каримов белгилайди. Зотан, копток бугун яна унинг ҳовлисида!
XS
SM
MD
LG