Линклар

“Улуғимсан, ватаним”ми ёки “Улуғ рус халқи, буюк оғамиз”?

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистоннинг Россия иттифоқчисига айлангани давлат тили мақомига ҳам таъсир қилди, шекилли, айрим ўзбек қўшиқчилари “аввалгидек рус тилида гапириши” ҳақида саҳнадан туриб айта бошлади.

Хонанда Севара Назархон таниқли эстрада қўшиқчиси Даврон Ғойибов гуруҳининг 25 йиллигига бағишланган концертда рус тилида гапириш ишқида эканини яширмади. Илгари “улуғимсан, ватаним”, деб куйлаган С.Назархон саҳнада қўшиқ айтиб бўлиб, ўзбекча гапиришни истамади чоғи: “Барча меҳмонларга хайрли кеч. Рус тилида гапираман. Чунки илгари ҳам доимо шундай бўлган”, - деди.

Хўш, таниқли хонанда нима демоқчи? Илгари ҳам доим шундай бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлади, демоқчими? Ёки яна ўшандай кунлар, яъни ҳамма рус тилида гаплашадиган вақтларни қўмсаб гапиряптими?

Табиий, бу унинг хоҳиши. Лекин ўзбекистонлик зиёлилар рус тили яна Ўзбекистондаги давлат тилига соя солишидан ташвишга тушяпти. Уларнинг айтишича, иттифоқчилик шартномаси тузилгандан буён Россия омилига ва рус тилига катта аҳамият берила бошлади. Олий ўқув юртларида бу масалага бағишланган катта тадбирлар ўтказилиб, кечаю кундуз телевидение орқали намойиш қилинмоқда. Ҳолбуки, бундан икки йил муқаддам президент Ислом Каримов Ўзбекистонда яшайдиган русийзабонларни ўзбек тилини ўргана олмаётгани учун танқид қилганди.

“3-4 авлоди Ўзбекистонда яшаётган руслар нега оддийгина “ассалому алайкум”, дея олмайди?! Бу масалага Москва негадир эътибор қаратмайди”, - деган эди И.Каримов.

Хўш, президент айтмоқчи “учинчи авлоди” бу юртда яшаётган руслар ҳанузгача ўзбек тилида гапиришни ўргана олмаётган, қолаверса, Кремль ҳам бунга аҳамият бермаётган экан, энди иттифоқчилик шартномаси тузилгандан кейин давлат тилининг тақдири хавф остида қолмайдими?

Бу саволга таҳлилчи Шароф Убайдуллаев қатъий қилиб “каттагина хавф бор”, дея жавоб қайтарди.

“Одатда,- деди у,- бизда оламшумул ғоялар саройларда тўқиб чиқарилса ҳам шамоли телеэкранда эса бошлайди. Депутатлар сардорларидан бири башорат қилдики, гўё қудратли Россия энди ўзбек тилини ўрганишга ўтар экан. Чунки иттифоқчилик шартномасида шундай банд бор эмиш. Бу жуда кулгили. Россия 75 йил давомида ўзбек тилини ўрганмади, 10 йилдан ошдики, ўзбек тили давлат тили бўлиб келяпти, руслар бу тилни ўрганмади. Бирорта рус дўстларимиз бунга жиддий киришмади. Инсоф билан айтганда, ўзимиз ҳам бунга имконият яратганимиз йўқ”.

Ш.Убайдуллаевнинг таъкидлашича, халқаро минбарларда ҳам ўз она тилида гапира олмайдиган раҳбарлар бошқараётган юртда тил ҳақида ҳеч ким қайғурмайди. Масалан, БМТда қандай тиллар янграмайди. Аммо қарийб 15 йилдан бери БМТнинг мармар минбаридан ўзбек тили бирор марта янграмаган. Ҳолбуки, Ўзбекистон раҳбарлари бу минбардан кўп бор нутқ сўзлаган.

Баъзи зиёлиларнинг билдиришича, энди мактабларда рус тилига ҳам катта аҳамият берила бошлайди. Чунки мустақиллик йилларининг бошларида рус тили ҳам бошқа чет тиллари сирасига киритилиб, дарс соатлари қисқартирилганди.

Тошкент мактабларидан бирининг директори “Озодлик” мухбири билан суҳбатда рус тили дарслари кўпайтирилмаганини билдирди. У ҳозир рус тилига ҳафтада 2 соат, бошқа чет тилига 3 соат вақт ажратилганини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG