Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:10

Ҳам ваъда бажарилди, ҳам зиёрат бўлди


Лобар Наманганлик 38 ёшли Обиджон Бобомирзаев тенгдошлари билан яхши ниятда гаров ўйнаб, умрида биринчи бор Самарқандга велосипедда йўлга тушди. Ҳам ваъдасини бажарди, ҳам азиз жойларни зиёрат қилди.

О.Бобомирзаев аввалдан бу йилги деҳқончиликдан топган даромадига Самарқанднинг зиёратгоҳ жойларини айланиб келишни ният қилганди. Бахтига деҳқончилик ҳам мўл бўлди. Бутун меҳнатни оила аъзолари билан қилгани учун Обиджонга ёлғиз зиёратга бориш татимади. Шунинг учун, аввало, оиласини хурсанд қилмоқчи бўлиб, уларни Тошкентга саёҳатга олиб борди. Чунки улар ҳали Тошкентни кўрмаган эди.

Обиджон Самарқанд зиёратига ёлғиз бормаслик учун дастлаб тенгдошлари орасидан шерик қидирди. Бироқ унга ҳамроҳ топилмади. Ҳазил-ҳазил билан дўстларига “Самарқандга велосипедда бораман”, деб юборганини билмай қолди. Шу гап бўлди-ю, умрида бормаган жойига велосипедда йўлга тушди.

Қаерга бормасин, зиёратга кетаётганини билган кишилар уни илиқ кутиб олди.

“Довонда қор бор экан. Тирмашиб чиқиб бордим. Эртасига кечга Ангренга етиб келдим. У ерда яхши кутиб олишди. Ўзимизда юраверса, бундай одамлар борлигига ишонасиз-у, иккиланасиз”, - дейди О.Бобомирзаев.

Саёҳатчи Гулистондан ўтиб, Жиззахга етганда саломатлиги панд бериб (қўли ишламай қолди), шу ерда гаров шартини бузишга тўғри келди. У Жиззахдан Самарқандгача автобусда кетишга мажбур бўлди.

“Самарқандга кириб боргандан кейин ички тўлқинланиш бошланди,- дейди Обиджон. - Одамлар яхши кутиб олди. Қаерданлигимни сўрашганди, “Наманганданман”, дедиму бошқа гапира олмадим. Йиғлаб юбордим. Етказганига шукур”.

О.Бобомирзаев Самарқанддаги барча зиёратгоҳларни айланди. Турли ўлкалардан келган саёҳатчиларнинг кўплиги уни ҳайратга солди. Ҳатто германиялик сайёҳлар билан суратга ҳам тушди. Ажнабийлар унинг бошидаги дўппини кўриб, суратга тушишни ўзлари таклиф этди.

Обиджон 650 километрга вилосипедда борган зиёратидан бир олам таассурот билан қайтяпти. Эндиги нияти, тезроқ уйига етса-ю, кўрган-кечирганларини оила аъзолари ва ёру дўстларига ҳикоя қилиб берса.
XS
SM
MD
LG