Линклар

“Кўтариладиган дум” атрофидаги баҳс қизимоқда

  • Замира Шукур

Россия мудофаа вазири Сергей Иванов Пермга сафари чоғида Москва АҚШ ҳарбий контингенти душанба куни тарк этган Хонобод аэродромини эгаллаш ниятида эмаслигини маълум қилди.

“Бу борада ҳеч қандай режамиз йўқ. Россиянинг Кантда ҳарбий ҳаво базаси бор ва ҳозир уни такомиллаштиряпмиз. Янги базаларга эҳтиëжимиз йўқ”, - деди С.Иванов.

Аммо Россия оммавий ахборот воситалари бир неча ойлардан бери Кремль АҚШ замонавий даражага келтирган Хонобод базасини эгаллаши ҳақидаги маълумотни муҳокама қилиб келяпти. Бу муҳокама 14 ноябрь куни Ислом Каримов Владимир Путин билан иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномага имзо чеккандан кейин янада кучайди.

Асос-моҳияти ҳарбий-хавфсизлик масаласида бўлмиш мазкур келишувнинг 1-бандига кўра, томонлардан бирига нисбатан бошқа давлат ëки давлатлар гуруҳи амалга оширадиган агрессия ҳар иккала мамлакатга қарши агрессия ҳисобланади. 4-бандига кўра эса хавфсизликни таъминлаш мақсадида томонлар бир-бирларига ўз ҳарбий объектларини тақдим этади.

И.Каримовнинг ким “Ўзбекистонга думини кўтарса, Россияга думини кўтарган бўлиши” ҳақидаги гапи эса ким кимга ҳарбий объектларни топшириши мумкинлигини кўрсатади.

14 ноябрь кунги шартнома Ўзбекистондаги ҳарбий объектлар Россия ихтиëрига топширилиши мумкинлигини аниқ-тиниқ кўрсатиб турганда С.Ивановнинг унга тескари баёнот бериши ортида нима бор?

Мустақил кузатувчилар С.Ивановнинг Россияда Хонободни эгаллаш режаси йўқлиги ҳақидаги баёнотига “ҳозирча” сўзи қўшилса, ҳаммаси жой-жойига тушишини айтмоқда.

“С.Ивановнинг баёноти самимий бўлиши, ҳатто Россия ҳукуматида ҳозирча бундай режа бўлмаслигини ҳам мумкин. Аммо бу режа лойиҳаси йўқ ёки эртага пайдо бўлмайди, дегани эмас”, - дейди москвалик мустақил сиёсатшунос Фарҳод Илёсов.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда Россия ҳарбий базасини очиш режаси минтақадаги геосиёсий вазият ва Ўзбекистон ичидаги қайфиятга қараб исталган кунда пайдо бўлиши мумкин. Агар И.Каримов эртага курсиси лиқиллаб қолганини сезса, ҳарбий база режаси ўша заҳоти тузилиши эҳтимолдан холи эмас.

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фелгенгауэр эса Кремлда Ўзбекистонда ҳарбий база очиш учун на маблағ, на керакли ҳарбий ускуналар бор, деган ишончда.

Унинг фикрича, Қирғизистонда Кант базасини сақлаб туришнинг ўзиёқ Москвага қимматга тушмоқда. Қолаверса, Хонободга жойлаштириш учун Россияда рисоладагидай тез ҳаракатланувчи ҳарбий куч йўқ. Борлари ҳам Кавказга бириктирилган.
XS
SM
MD
LG