Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:10

250 минглик шаҳарнинг бугунги ташвишлари


Фирдавс Қашқадарёнинг маъмурий маркази Қарши шаҳрида 250 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Уларнинг аксарияти кўп қаватли уйларда истиқомат қилади. Сўнгги йилларда улар иссиқ сув таъминоти ва уйларни иситишда жиддий муаммоларга дуч келяпти.

Вилоят “Иссиқлик манбаи” корхонаси раҳбари Салоҳиддин Ҳикматовнинг сўзларига кўра, Қарши шаҳрида 22 та қозонхона бўлиб, уларни қишга тайёрлаш учун 150 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Ҳозир мавжуд носозликлар туфайли баъзи уйларга иссиқлик етказиб беришда узилишлар бор. Қозонхоналар шаҳар марказида жойлашгани сабабли уларга табиий газ етиб келиши муаммо бўлиб турибди.

4 ноябрдан Қаршидаги 4 та қозонхона иситиш тизимларига иссиқ сув бера бошлади. Аммо берилаётган сувнинг ҳарорати меъёридан паст бўлгани туфайли уйлар исимаяпти. Мутасадди идоралар эса бунинг сабабини яна табиий газ босими пастлигига боғламоқда.

С.Ҳикматовнинг айтишича, у бошқараётган корхона иссиқ сув беришни бирмунча чегаралаб турибди. Бундан кўзланган мақсад эса иссиқлик тизимларидаги сувни меъёрдаги даражада қиздириб олишдир. Ҳозир қозонхоналардан сув 46 даража ҳароратда чиқарилмоқда. Сув ҳарорати 70 даражага чиққандан кейингина мавжуд чекловлар йўқолади.

Кун совиб бораётгани, иситиш тизими яхши ишламаётгани сабабли электр энергияси таъминотида ҳам муаммолар юзага келяпти. Чунки аҳоли уйни иситиш учун электр иситиш жиҳозларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

Мустақил кузатувчи Исмоил Раҳмонқуловнинг билдиришича, 10 кундан буён шаҳарда электр энергияси таъминотидаги узилиш кечаси ҳам, кундузи ҳам юз беряпти. Аҳоли бу муаммолар бўйича мамлакат президенти номига икки марта телеграмма жўнатган. Бироқ бу мурожаатларга жавоб бўлмаган.
XS
SM
MD
LG