Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:10

Чемпионат ўзбеклар учун омадли бошланди


26 ноябрь куни Тошкентдаги “Ўзбекистон” спорт мажмуида кураш бўйича бешинчи жаҳон биринчилиги бошланди. Мусобақанинг биринчи куни ўзбекистонлик полвонлар учун жуда омадли келди.

Кураш бўйича биринчи жаҳон чемпионати 1999 йилда Тошкентда ўтказилган эди. Орадан 7 йил ўтиб, Тошкент яна бу нуфузли мусобақани қабул қилди. Бу орада жаҳон чемпионатлари Туркия, Венгрия ва Арманистонда ўтказилган эди.





Тошкентдаги чемпионат олтмишга яқин давлат байроқлари кўтарилган ҳолда бошланди. Шу кунги мусобақаларда 81, 90, 100 ва 100 килограммдан ортиқ полвонлар майдонга тушди. Аёллар ҳам бир неча вазн тоифасида беллашди.

81 килограммгача бўлган вазнда қатнашган бухоролик Рамзиддин Саидов дастлабки баҳсларда тожикистонлик ва украиналик рақиблари елкасини ерга теккизди. Финалда эса эронлик Али Муҳаммадни мағлуб этди.

Сурхондарёлик машҳур полвон Абдулла Тангриев аввалги жаҳон биринчиликларида ҳам қатнашган бўлса-да, олтин медалга эриша олмай келаётган эди. Ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради, деганлардек бу сафар Абдулла финалда ўта кучли рақиб, эронлик Саид Хусрав Нажот устидан иккинчи минутдаёқ соф ғалаба эришди ва жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди.





Ўзбекистонлик яна бир полвон Давлат Чориев ҳам мўғулистонлик полвонни енгиб, олтин медаль соҳиби бўлди. 100 килограммгача бўлган вазнда эса эронлик Фалаҳ Аббос шоҳсупага кўтарилди.

Аёллар ўртасида 63 килограммгача вазнда ўтказилган беллашувда бразилиялик Марсия Мартинес ўзбекистонлик Умида Сафаровани енгиб, биринчи ўринни эгаллади. 70 килограммгача вазн тоифасида ўзбекистонлик Гулмира Исматова янги зелландиялик рақиби устидан ғалаба қозонди.





Шу куни “Ўзбекистон” спорт мажмуи томошабинлар билан лиқ тўлди. Бу ерда ҳатто узоқ Сурхондарё вилоятидан кампирларини етаклаб келган чолларни ҳам учратиш мумкин эди.

Жаҳон биринчилиги 27 ноябрь куни давом этади. Унда 60 дан 73 килограммгача вазн тоифасидаги йигитлар ва 48 дан 57 килограммгача вазнда аёллар бел олишади.
XS
SM
MD
LG