Линклар

Янги қонун ташвиш уйғотяпти


Басира Россия Федерацияси Давлат думаси томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида янги қонун лойиҳаси қабул қилингани инсон ҳуқуқлари ташкилотларини анча ташвишга солмоқда.

Улар мазкур қонун мамлакатдаги минглаб нодавлат ташкилотларни рўйхатга олишни қийинлаштириши ва назоратни кучайтиришидан хавотир билдирди.

Инсон ҳуқуқлари институти эксперти Лев Левинсоннинг сўзларига кўра, янги қонун эндиликда яна бир текширувчи органга ҳужжатлар тақдим этиш ва ҳисобот беришга ундайди.

“Ҳисобот оддий ташкилотга эмас, балки полиция маҳкамаси, яъни давлатнинг рўйхатга олувчи идорасига берилади”, - деди Л.Левинсон.

Демократияни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари институти президенти Юрий Жибладзенинг таъкидлашича, бугунги кунда Россияда 400 мингдан ортиқ ННТ фаолият кўрсатмоқда. Қонун лойиҳаси айнан уларга қаратилган. Мазкур қонун давлат томонидан тузилган нотижорат ташкилотларга тегишли эмас.

Ю.Жибладзенинг фикрича, янги қонун талаблари туфайли юзага келадиган қоғозбозлик ва текширувлар оқибатида мамлакатдаги бир неча минг нодавлат ташкилоти ўз фаолиятини тўхтатиши мумкин.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Москвадаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Александр Петров янги қонун ҳуқуқ ҳимоячиларига икки жиҳати билан ёқмаётганини билдирди.

“Биринчидан, у халқаро ташкилотларнинг бўлимлари ва ваколатхоналарини ёпишга чорлайди. Иккинчидан, нодавлат ташкилотлар устидан назоратни кучайтиради. Ҳатто президент Каримов ҳам (Ўзбекистон раҳбари) ваколатхона ва бўлимларни ёпиш учун мавжуд қонунни ўзгартириш ҳақида ўйламаган эди”, - деди А.Петров.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда шу йилнинг август ойидан бошлаб нодавлат ташкилотлар турли баҳоналар билан ёппасига ёпила бошлаганди. Мазкур ташкилот раҳбарлари маҳаллий адлия бошқармаси томонидан тазйиққа учрагандан сўнг ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган эди. Ўзбекистондаги нодавлат ташкилотлар гўёки фаолият олиб боришга имкони йўқлиги баҳонасида ихтиёрий-мажбурий равишда тугатилганди.
XS
SM
MD
LG