Линклар

Бир ҳафта оворагарчиликдан сўнг, 28 ноябрь куни Санжар Умаровнинг адвокатлари у билан учрашишга муваффақ бўлди. “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси раҳбари уларга ўз соғлиғидан шикоят қилди.

Бу ҳақда унинг адвокати Виталий Красиловский маълум қилди.

“С.Умаров ўз соғлиғини текшириб кўришларини илтимос қилди. Қон босими борлиги, юрагининг мазаси йўқлигини айтди. Бу ҳақда бир неча марта ҳибсхона маъмуриятига мурожаат қилгани, лекин илтимослари инобатга олинмаганини билдирди”, - деди адвокат.

В.Красиловскийнинг сўзларига кўра, С.Умаровнинг ташқи кўриниши яхши, бўлса-да, соғлиғидан шикоят қилмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмат раҳбари Светлана Ортиқова ҳам “Озодлик” мухбири билан суҳбатда С.Умаровга тазйиқ ўтказилмаётгани, унинг соғлиғи жойида эканини билдирди.

Бундан аввалроқ эса “Санжар Умаровни озод қилиш қўмитаси” унинг аҳволи тобора ёмонлашиб бораётгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Қўмита аъзоси Баҳодир Намозовнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, С.Умаров ишида анча тушунмовчиликлар бор. Жумладан, адвокатлар шу пайтгача нафақат С.Умаров билан, балки унинг терговчилари билан ҳам учраша олмай келмоқда.

“Агар унинг жиноят иши чиндан ҳам иқтисодий характерда бўлса, нега бу шунчалик сирли равишда кўрилаётгани, нега тўсиқлар юзага келаётгани ҳақида савол пайдо бўлади”, - деди Б.Намозов.

Унинг таъкидлашича, айни пайтда С.Умаров саломатлиги ёмонлашаётгани жиддий ташвиш уйғотмоқда. Унинг иши билан шуғулланаётган терговчиларнинг руҳий ва жисмоний тазйиқлари С.Умаров соғлиғига салбий таъсир кўрсатяпти.

Қўмита Санжар Умаровнинг дарҳол қамоқдан озод қилинишини ҳамда саломатлигини текшириш учун мустақил халқаро тиббий комиссия киритилишини талаб қиляпти.

Б.Намозов қўмита бундан кейин “Виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси” номи билан юритилишини билдирди. Чунки, унинг эътирофича, ҳозир Ўзбекистонда сохта айблар билан ўнлаб мухолифат вакиллари ва инсон ҳуқуқи ҳимоячилари қамоққа ташланган.

Б.Намозов айни кунларда ҳибсда сақланаётган Мўътабар Тожибоева, Норбой Холжигитов, Ҳамдам Сулаймонов ва Саиджаҳон Зайнобиддиновни мисол қилиб келтирар экан, уларни озод қилиш учун барча кучларни мувофиқлаштиришга қўмита номидан даъват этди.
XS
SM
MD
LG