Линклар

Чеченистон ўз парламентига эга бўлди


Басира Сўнгги маълумотларга кўра, якшанба куни Чеченистон парламентига бўлиб ўтган сайловда “Единая Россия” партияси ғалаба қозонган. Унга тадбирда қатнашган сайловчиларнинг 61 фоизи овоз берган.

Кейинги ўринда эса РФ коммунистик партияси бормоқда. У 12 фоизга яқин овоз тўплаган. Учинчи ўрин Ўнг кучлар иттифоқига тегишли. Улар тахминан 11 фоиз овозга эга.

Чеченистон сайлов комиссияси маълумотига кўра, сайловда рўйхатга олинган сайловчиларнинг 70 фоизи иштирок этган. Парламентга ўтиш учун зарур бўлган беш фоизлик тўсиқни забт этиш унда қатнашган 8 партиядан учтасига насиб қилди.

Мазкур сайловда баъзи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўз кузатувчиларини юбормади. Хусусан, Москва Хелсинки гуруҳи ташкилоти ҳам сайловда иштирок этмади.

“Москва Хелсинки гуруҳи сайлов мониторинги ўтказмади. Биз Чеченистон президенти сайловини мониторинг қилиб, бу фойдасиз машғулот эканини тушундик. Чунки сайловга ҳукумат томонидан дирижёрлик қилинади ва сайловга қатнашиш кўрсаткичи сохталаштирилади”, - деди ташкилот раисаси Людмила Алексеева.

Чеченистонлик публицист Руслан Маратагов эътирофича, бу сайлов республика бош вазири биринчи ўринбосари Рамзан Қодиров назоратида бўлиб ўтган.

“Қодировдан қўрқишади ва нафратланишади. “Единая Россия” партиясига эса мансаб пиллапоясидан кўтарилиш воситаси сифатида қарайдилар. Ҳозирги пайтда барча куч Р.Қодировнинг қўлида. Шу боис, парламент сайлови республикада ҳеч қандай ўзгартириш ясамайди”, - деди публицист.

Чеченистондаги парламент сайлови сўнгги 9 йил мобайнида биринчи бор ўтказилди. Республика парламентининг қуйи ва юқори палатадаги 58 ўрин учун 351 номзод кураш олиб борди.
XS
SM
MD
LG